ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент халқа йўлининг Мирзо Улуғбек туманидан ўтган бир қисми кенгайтирилиб, қайта қурилгач куни кеча фойдаланишга топширилди.
Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг бир неча туманларини боғловчи мазкур йўлнинг ушбу қисми тор бўлиб, сўнгги йилларда қатнов сезиларли ортгани боис, талабга мос келмай қолган эди. Шулар инобатга олиниб, бу ерда замонавий транспорт ечими қўлланилди. Йўлнинг 4 километрига асфальт-бетон ётқизилди. Қатнов қисми эса олдингидан анча кенгайтирилиб, 6-8 тасмага етказилди. Шунингдек, 4 та ерости ўтиш жойи, пиёда ва велойўлаклар қурилди.
[gallery-19041]
Йўлда ўзига хос ечимлар асосида 3 та қайрилиб олиш ҳамда 18 та кесишмаларда қўшилиб олиш жойлари ташкил этилди. Бу ҳайдовчиларга қулайлик яратиб, тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлади.
Кўчанинг Буюк ипак йўли билан кесишмасида йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилди. Кўча бўйларига электрон шаклда бошқариладиган тунги ёритиш тизими, ақлли светофорлар ўрнатилди. Ўн учта бекат қурилди. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА