Сирдарё вилояти божхона бошқармасида Божхона қўмитасининг Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Пардаев иштирокида экспортёр тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликлари ва уни қўллаш тартиби юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур режим хориждан олиб кирилаётган хомашё ва материалларни божхона тўловларисиз республика ҳудудида қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилиш имконини яратади. Бу ишлаб чиқариш таннархини камайтириш, айланма маблағлардан самарали фойдаланиш, қўшимча қиймат яратиш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратилиши ва ҳудуд саноат салоҳиятининг юксалишига замин яратади.

Учрашувда режимдан фойдаланиш тартиби, расмийлаштириш босқичлари, назорат механизмлари ҳамда рақамли божхона хизматларининг имкониятлари атрофлича тушунтирилди. Соддалаштирилган тартиб-таомиллар тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни қисқартиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
– “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими тадбиркорлар учун қулай иқтисодий механизм ҳисобланади, – дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш шуъбаси бош инспектори Рустам Аҳмедов. – У орқали корхоналар хориждан олиб кирилган хомашёни ортиқча божхона тўловларисиз қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш имконига эга бўлади. Бу нафақат корхонанинг молиявий барқарорлигини таъминлайди, балки экспорт географиясини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Асосий мақсадимиз — тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва экспортбоп ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдан иборат.

Мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар, амалий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашув давлат органлари билан бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, ҳудудда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, рақобатбардошликни ошириш ва миллий иқтисодиёт барқарор ривожини таъминлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Достон Қаландаров (сурат), ЎзА