Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Чўлқувар маҳалласида дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш корхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Арнасой туман ҳокими О.Мусанов, вилоят прокурори Б. Иброҳимов, вилоят ҳокимининг ўринбосари З. Рўзиев, “BMB HoldIng ” компанияси кузатув кенгаши раиси Б. Маматқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси туфайли кўплаб янги корхоналар ўз фаолиятини бошлаётгани, бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Вилоятнинг Арнасой туманида фаолият юритаётган “BMB HoldIng” таркибидаги “BMB Agro” корхонаси асосан қишлоқ хўжалиги ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган бўлиб, компания томонидан соҳага замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлар жорий этилаётганлиги бугунги кунда ҳосилнинг сифати ва миқдорига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳолдинг томонидан узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган, шўрхок ва камсамара берадиган ерлар ўзлаштирилиб, қайта тиклаш ишлари олиб борилди. Илмий асосда амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ушбу ерларда сўнгги йилларда пахтадан гектарига 30-35 центнер, ғалладан эса 70–80 центнергача ҳосил олинмоқда.
[gallery-23432]
Корхонанинг фаолияти фақат дон ва пахта етиштириш билан чекланмай, дуккакли экинлар ҳамда полиз маҳсулотлари: мош, ловия, нўхат, тарвуз, қовун, қовоқ ҳамда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам ўз ичига олади.
Етиштирилган маҳсулотлар халқаро талабларга мувофиқ тозаланади, ранг ва ҳажмига қараб (каллибрланади) сараланади, текисланади, сўнг қадоқланади ва хорижий мамлакатларга экспорт қилинади. Албатта, маълум бир қисми ички бозорга ҳам етказиб берилади, қолганлари эса “BMB ” тизимидаги бошқа корхоналарга қайта ишлаш учун юборилади.
“BMB HoldIng ” тизимидаги кластер, компания таркибидаги корхоналар ва ҳудуддаги деҳқон, фермер ҳамда томорқа хўжаликлари билан биргаликда Арнасой туманидаги 50 гектар ер майдонига нав сифати юқори бўлган помидор, 5 минг гектар ер майдонига мош, 2 минг гектарга ловия каби дуккакли, 1 минг 500 гектарга қовун ва бошқа полиз маҳсулотлари контрактация шартномаси асосида экилиб, етиштирилган маҳсулотлар Европанинг Латвия ва Польша давлатларига, дуккакли маҳсулотлар эса асосан Хитойга экспорт қилинмоқда.
Йил бошидан то бугунги кунга қадар жами 2 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган бўлса, йил охирига қадар бу кўрсаткични 10 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
“BMB agro” таркибидаги дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш корхонасининг йиллик қуввати 65 минг тоннани ташкил қилиб, унга Туркия ва Хитой давлатидан келтирилган, умумий қиймати 6 миллиард 500 миллион сўм бўлган замонавий технологиялар ўрнатилган.
“BMB HoldIng” ўз фаолиятида инновацион ва илмий ёндашув, самарали бошқарув ва барқарор ривожланиш асосий устувор йўналиш сифатида белгиланган бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби халқимизга хос азалий анъаналарга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Тадбирнинг иккинчи қисмида арнасойлик кам таъминланган оилаларнинг 50 нафар фарзанди суннат тўйи ҳам ўтказиб берилди.
Болалар ва уларнинг ота-оналари учун байрам дастурхони ёзилиб, ҳар бир тўйбола учун Ҳолдинг компанияси томонидан банкдан омонат очилиб, ҳисоб рақамларига пул тушириб берилди. Қимматбаҳо велосипедлар инъом этилгани болажонларни, уларнинг ота-оналарини ҳам бирдек хурсанд қилди.
Мухтасар қилиб айтганда, компания келгусида ер майдонларини янада кенгайтириш, маҳсулот турларини, экспорт ҳажмини ва иш ўринларини бунданда ошириш, шунингдек, саховат тадбирларини ҳам мунтазам ўтказиб боришни мақсад қилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари