French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайта ишланган чиқиндилар — яшил энергия манбаи
16:28 / 2025-12-23

Жиззах вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни самарали бошқариш йўналишида муҳим лойиҳани амалга оширишга киришилди.

Келгуси 2026 йил бошидан вилоятда чиқиндиларни барқарор утилизация қилиш ва қайта ишлашга қаратилган замонавий иншоот қурилиши режалаштирилди.

Мазкур лойиҳа Жанубий Кореянинг Атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида 2021 йил 2 декабрда имзоланган меморандум асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, 2026 йилга қадар вилоятнинг шаҳар ва туманларида чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, чиқиндиларни ёқиш иншоотлари, қайта юклаш станциялари барпо этиш ва амалдаги полигонларни оптималлаштириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда Шароф Рашидов туманидаги “Ғазғонтепа” ҚФЙ ҳудудида жойлашган, майдони 26,5 гектар бўлган вилоятдаги энг йирик чиқинди полигони ушбу лойиҳанинг асосий манзили ҳисобланади.  

Бу ерга кунлик ўртача 300–350 тонна маиший чиқинди келтирилади.

Режага кўра, Корея экологик корпорацияси — K-ECO томонидан 6 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан чиқиндихона газини йиғиш ва ёқиш орқали кунига 500 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир иншоот қурилади. Бу нафақат чиқиндилар ҳажмини камайтириш, балки “яшил энергия” манбаларини жорий этиш йўлида ҳам муҳим қадам бўлади.

Жорий йилнинг 19 декабрь куни Кореянинг “Korea Comprehensive Engineering Company” (KECC) компанияси бош менежери Шин Жае Кеон бошчилигида, “Geotech” ҳамда “Segin G&E” компаниялари вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ташриф доирасида мазкур лойиҳани грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириш бўйича пудратчи ташкилот сифатида келишувларга эришилди.

Маълум қилинишича, 2026 йил январь ойи якунига қадар лойиҳа учун зарур рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилади ва шу ой охирида қурилиш ишлари бошланади. Лойиҳа доирасида чиқинди полигонида қазиш ишлари, чиқиндиларни тупроқ билан кўмиш, полигон газларини йиғиш ҳамда электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотини барпо этиш ишлари амалга оширилади.

Йил якунида объектни ишга тушириш бўйича синов ишлари ўтказилиб, 2026 йил декабрь ойида лойиҳани тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Эътиборли жиҳати шундаки, иншоот ишга тушгач, чиқинди газидан камида 30 йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Шунингдек, лойиҳа якунида вилоят ҳудудида ҳосил бўладиган қарийб 1 миллион тонна чиқиндиларни замонавий талаблар асосида жойлаштириш имкони ҳам таъминланади. Бу эса экологик хавфсизликни ошириш, чиқиндилар таъсирини камайтириш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири