Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, меҳнат бозорида адолат ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш каби ижтимоий хавфлардан ҳимоя қилиш масалалари янги ёндашувларни талаб этмоқда.
Шу мақсадда 2025 йил 9 декабрь куни қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун мамлакатда ягона, барқарор ва адолатли ижтимоий суғурта тизимини шакллантиришга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Янги қонун нафақат фуқароларнинг ижтимоий кафолатларини кенгайтиради, балки тадбиркорлар учун ҳам ортиқча молиявий юкламаларни босқичма-босқич камайтиришни назарда тутади.
Ушбу ислоҳотнинг моҳияти, кутилган натижалари ва аҳоли учун яратадиган имкониятлари ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳамеджоновага юзландик.
— Амалдаги тизимда хусусий секторда банд бўлган аёллар ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини олишда қийинчиликларга дуч келаётгани таҳлиллар орқали аниқланди. Давлат иштирокида ягона ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш орқали ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсад қилинди. Энг катта афзаллик — ижтимоий ҳимоя кафолатларининг кенгайиши. Энди фуқаролар иш жойидан қатъи назар, ҳомиладорлик ва туғиш, касаллик ёки ишдан бўшатилиш ҳолатида давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
Шунингдек, нафақаларнинг автоматик, проактив тарзда тайинланиши инсон омилини камайтиради. Илгари ушбу нафақаларни тўлаш тадбиркорлар зиммасига юкланган эди. Янги қонунга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақалари давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади. Бу тадбиркорларни ортиқча харажатлардан озод қилиб, расмий иш ўринлари яратишга рағбатлантиради. Жамғарма аҳолини ижтимоий суғурталаш, суғурта бадалларини ҳисобга олиш ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш учун масъул асосий тузилма ҳисобланади. У ягона оператор сифатида шаффофлик ва барқарорликни таъминлайди.
Ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари фуқаронинг мурожаатисиз, электрон меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилиши билан автоматик тарзда тайинланади. Фақат ишдан бўшатиш нафақаси фуқаронинг аризаси асосида тўланади. Янги тизим жорий этилиши натижасида бюджет ташкилотларида ишловчи 2,2 миллион нафарга яқин, хусусий секторда банд бўлган 3,6 миллион нафардан ортиқ ҳамда ўзини ўзи банд қилган ва норасмий секторда фаолият юритаётган 7 миллион нафардан зиёд фуқароларнинг ижтимоий кафолатлари таъминланади. Асосий натижа — аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайиши, расмий бандликнинг ошиши ва меҳнат бозори барқарорлигининг таъминланиши. Бу эса, ўз навбатида камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.
Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозорини барқарор ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган изчил сиёсати доирасида ишлаб чиқилган.
Шу пайтга қадар ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ишдан бўшатиш нафақаларининг асосий қисми иш берувчилар зиммасига юкланган эди. Бу эса, айниқса хусусий секторда банд бўлган фуқаролар учун ижтимоий кафолатларнинг тўлиқ таъминланмаслигига олиб келган.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда 166 минг нафар аёлга декрет варақаси очилган бўлиб, бюджет ташкилотларида ишловчи 118 минг аёлга (100 фоиз) ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлиқ тўланган. Бироқ хусусий секторда ишлаган аёлларнинг атиги 15,3 минг нафарига (32 фоиз) ушбу нафақа қоплаб берилган.
Бу ҳолат ижтимоий адолат тамойилларига зид экани ҳамда давлат иштирокида ягона суғурта тизимини жорий этиш зарурлигини кўрсатиб берган.
Қонуннинг асосий мақсадлари Фуқароларни вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганда ёки ишсиз қолганда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликка тушиб қолиш хавфининг олдини олиш, тадбиркорларни ижтимоий нафақаларни тўлаш бўйича ортиқча молиявий юкламадан озод этиш, расмий бандликни рағбатлантириш ва “соя иқтисодиёти” улушини қисқартиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ–206-сон фармонига мувофиқ, давлат муассасаси шаклида Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилмоқда.
Маълумот учун, мазкур жамғарма аввал Ижтимоий суғурта жамғармаси сифатида 2022 йил 25 июлдаги ПФ–175-сон фармони асосида юридик шахс мақомисиз фаолият юритган. 2025 йилнинг 11 ойи давомида жамғарма орқали 11,4 минг нафар аёлга 30,3 миллиард сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланган.
Қонунга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, 2026 йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (касаллик варақаси) тўланади ва 2030 йил 1 январдан эса ишдан бўшатиш нафақаси босқичма-босқич жорий этилади. Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси орқали тўланади.
Бу жараённи амалга ошириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасига юклатилган бўлиб, ҳозирда агентлик ахборот тизимида “Ижтимоий суғурта” модули ишлаб чиқилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойилларини янада мустаҳкамлаб, аҳолини ижтимоий хавфлардан ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда меҳнат бозори барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/I8t1mwmNqjY" title="Qaysi turdagi nafaqalar ijtimoiy sug‘urta jamg‘armasi orqali to‘lanadi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА