English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайси соҳаларда коррупция хавфи юқори?
15:19 / 2024-09-09

Коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги кўп бор такрорланган ва бу айни ҳақиқатдир. Дарҳақиқат, коррупция мавжуд бўлган жойда ривожланиш, ўсиш бўлмайди. Шу боис ҳам мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6 минг 535 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, аввалги йилга нисбатан жавобгарликка тортилган шахслар сони 879 нафарга ёки 12 фоизга камайган. Судланган шахсларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили энг кўп Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, банк соҳаси ва соғлиқни сақлаш тизими ҳиссасига тўғри келган.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасини атрофлича кўриб чиқдилар.  

Таъкидланганидек, Миллий маъруза Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланган учинчи маъруза бўлиб, унда ушбу йўналишда 2023 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумотлар берилган. Хусусан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар ва комплекс чора-тадбирлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилиши, соҳага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияга оид жиноятчилик тенденцияси, давлат органлари ва ташкилотларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинган.  

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинги, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси натижалари эълон қилинган. Коррупция хавф-хатарлари юқори бўлган соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларининг амалга оширилиши, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар энг кўп содир этилаётган соҳалар бўйича таҳлил натижалари баён қилинган.

Йиғилишда қайд этилдики, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида 93 та вазирлик ва идоралар расмий веб-сайтларида мониторингдан ўтказилган, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича 44 та тақдимномалар юборилган.  

Қизғин муҳокамалар давомида фракция аъзолари соҳада амалга оширилган ишларни эътироф этиш билан бирга, айрим масалалар юзасидан ўз эътироз ва таклифларини билдирди. Депутатларнинг айтишича, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузанинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши йилдан йилга кечикмоқда. Агар бу қонун билан тартибга солинмаса, яъни миллий маърузани тақдим этиш муддати аниқ белгиланмас экан, бундай ҳолат яна такрорланиши мумкин.  

Шунингдек, миллий маърузада 566 нафар шахс коррупцион жиноятлар бўйича қайта судлангани қайд этилгани, аммо агентлик томонидан уларга нисабатан қандай чора кўрилгани, бу борада қонунчиликка қандай ўзгартишлар киритиш лозимлиги бўйича таклифлар билдирилмагани айтиб ўтилди.  

Муҳокамалардан сўнг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий маъруза маъқулланди. Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА