Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қайси маҳсулот ва егуликлар умумтаълим муассасаларида сотилиши мумкин эмас?
12:07 / 2022-09-06

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хот-дог, лаваш, гамбургер, “хрустяшки”, чипс, энергетик ва газли ичимликларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилади. Қолаверса, бу турдаги маҳсулотлар юртимиздаги умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат ва таомлар рўйхатига киритилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати “Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари”га кўра, гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер ва хот-доглар) мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин эмас, дея таъкидламоқда. 

Шунингдек, сунъий таъм, ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолатчилик маҳсулотлари, сунъий консервантлари бўлган “кириешки”, “хрустяшки” ва чипслар, рангли ва рангсиз газланган ичимликлар ҳамда ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ, паррандалар, жигар, тил ва юракдан ташқари барча калла-почалар ҳам мактаб ошхоналарида тайёрланиши ва сотилиши мумкин эмас. 

Ташқи қавати тоза бўлмаган, синган, зарур талабларга жавоб бермайдиган тухумлар, банкаларнинг герметиклиги бузилган, бомбажли, занглаган, шакли ўзгарган, ёрлиғи бўлмаган ва ишлаб чиқариш вақти ҳамда яроқлилик муддати белгиланмаган консервалар, турли аралашмалар билан ёки омбордаги зараркунандалар билан зарарланган ёрма, ун, қуритилган мевалар ва кремли қандолат маҳсулотлари ҳам умумтаълим муассасаларида рухсат этилмайдиган озиқ-овқат ва таомлар рўйхатига киритилган.  

Таъкидланшича, холодец, парранда ва туёқли ҳайвонлар оёғидан тайёрланган ҳамда калла гўшти рулетлари, ўпка-жигарли ва қондан қилинган колбасалар, пастеризация қилинмаган (флягадаги) творог, термик ишлов берилмаган, идишда сақланган творог ва қаймоқ, қўлбола қатиқ, эпизоотик ноҳуш хўжаликлардан олинган, шунингдек, дастлабки ишлов берилмаган ва пастеризация қилинмаган сут ва сут маҳсулотлари, қимиз ва таркибида этанол бўлган (0,5 фоиздан ортиқ) бошқа ачитилган сутли маҳсулотлар ҳам мактаб ошхоналарида сотилиши мумкин эмас. 

Ушбу рўйхатни қуйидагича давом эттириш мумкин. Қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, квас, хом дудланган гўштли гастрономик маҳсулотлар ва колбасалар, шу жумладан, кайнатилган колбаса, сирка, хантал, хрен, ўткир қалампир (қизил, қора) ва бошқа ўткир зираворлар, ўткир таъмли соуслар, кетчуплар, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мевалар, табиий кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи энергетик ичимликлар, алкоголь, пазандалик мойлари, чўчқа ёғи, маргарин ва бошқа гидроген ёғлар. 

Ҳатто, данакли меваларнинг мағзи, сақич, мева ва резаворлилардан тайёрланган яхна ичимликлар ва морслар, окрошка ва совуқ шўрвалар, ёғда қовурилган тухум, паштет, гўшт ва творогли қуймоқлар, тез тайёрланадиган қуруқ озиқ-овқат концентратлари асосидаги биринчи ва иккинчи таомлар мактаб ошхоналарида бўлиши тақиқланади. 

 

ЎзА