Фарғона вилояти Сўх туманида умумий қиймати 92 миллиард сўмдан ортиқ бўлган йирик лойиҳа – “Қайроқ” насос станциясининг қурилиши якунланмоқда.
Бу ерда ўрнатилган агрегатлар дастлабки синовдан ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликка ихтисослашган туманда ерларни ўзлаштириш ҳамда сув чиқариш энг катта муаммолардан бири ҳисобланади. Президентимизнинг 2020 йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу ўз ечимини топмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Қайроқ массивида қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлган 1 минг 448 гектар ер мавжуд бўлиб, мазкур жой фақат ёмғир суви билан суғорилади. 2020 йилда икки кўтармали “Қайроқ” насос станциясининг қурилиш ишлари бошланган бўлиб, айни кунларда иш якунига етказилмоқда. Мазкур йирик иншоотнинг қурилишидан асосий мақсад, Қайроқ массивидаги ўзлаштириладиган ерларни сув билан таъминлаш ва фуқароларга қўшимча даромад манбаи яратиб беришдан иборат. Бу ерлар ишсиз ва эҳтиёжманд аҳолига ажратиб берилади.
Сўх тумани ҳокими ўринбосари Содиқжон Мурзоевнинг маълумотига кўра, мазкур иншоотда мутахассислар томонидан агрегатларнинг синов жараёнлари ўтказилди. Биринчи "оби ҳаёт" томчилари замонавий дастгоҳлар орқали махсус ҳовузларга тўкилди. Яқин кунларда насос станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.
М.Сулаймонов, ЎзА