Наманган вилояти Мингбулоқ туман Қайроғочовул қишлоғида 3 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Бугунги кунда бу ердаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг барчаси иш билан, шунингдек, эртанги экин экиш учун 25 сотихдан ер билан таъминланиши самарасида барқарор даромад манбаига эга бўлди.
Қишлоқдаги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг 134 нафарига 25 сотихдан ер берилди. Улар ҳозирда асосан биринчи ҳосилга қизил ловия, иккинчи ҳосилга мош, қовун, тарвуз экинлари экиб парваришламоқда.
Айниқса, шу кунларда қишлоқ ёшларига ажратилган экин майдонларида оби новвот қовунлари ҳамда тарвуз ғарқ пишган. Мазаси тилни ёрар бу неъматлар Фарғона водийсининг барча шаҳар-туманларидаги бозорларга етказилмоқда. Ҳаттоки довон ошиб, юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам етиб борди.
Шокиржон Ҳусанбоев ҳам қишлоқда 25 сотихдан ер олиб, деҳқончилик қилаётган ёшлардан бири.
- Икки кунда бир машинадан қовунни бозорга чиқармоқдамиз. Ҳозирга қадар 7 миллион даромад қилдик. Яна 10-15 миллионлик ҳосил бор, - дейди Шокиржон.
Бир сўз бидлан айтганда, туманда “Ёшлар дафтари”дагиларга ер ажратиб берилиши тажрибаси тўла ўзини оқламоқда.
[gallery-3298]
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат),ЎзА