Мана иссиқ ёзнинг иссиқ тафти ҳам ўз ниҳоясига етди. Ёзда биз йилнинг бошқа фаслига қараганда ўзимизни яхши ҳис қиламиз. Ва бу тасодиф эмас, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Ёз ўз навбатида энг катта таътил.
Мен бу фаслни гўзаллиги ва илиқлиги учун севаман. Ёзда ҳамма жой жуда чиройли, мевалар гарқ пишган, гуллар очилган, кўп рангли капалаклар инсон қалбида ажиб бир ҳисларни уйўотади. Таътилни ҳар ким ўзгача ўтказишга ҳаракат қилади. Ёзнинг илиқ кунларида биз кўпроқ очиқ ҳавога интиламиз. Негаки, очиқ табиат қўйнидаги саёҳат инсон саломатлигига фойдали. Баъзилар денгизда ота-онаси билан дам олса, бошқалар эса қишлоқда ўтказади. Аммо таътилни қаерда ўтказишдан қатъий назар, бу вақтни сермазмун ва мароқли ўтказиш муҳимроқ.

Кўп яқин достларим, курсдошларим ёзги таътилда ўзи туғилган гўшалари бағрига қайтишди. Мен бу одатни ўзим учун ўзгартирдим. Ёзги таътил пайти шаҳарда қолишга қарор қилдим. Бу вақт мобайнида университетимизда ўз иш фаолиятимни бошладим. Ота-онамга ёрдам, бундан ташқари шахсий режаларимни амалга ошириш учун бу яхши имконият бўлди.
27 июнь “Оммавий ахборот воситалари ходимлари” куни муносабати билан университетдаги камтарона фаолиятим туфайли тақдирландим. Бу каби ишонч, билдирилган фикрлардан хурсанд бўлдим, албатта. Бундан ташқари, энг эсда қоларлиси Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Навқирон журналистлар” номли "Media Camp 2022" ёзги оромгоҳи бўлди.

Ушбу оромгоҳ Тошкент вилояти Бостонлиқ туманида жойлашган. 3 кун давом этган бу тадбир чин маънода журналистлар учун улкан ижод ва маҳорат майдонига айланди.
Сўлим табиат қўйнида профессионаллар иштирокидаги учрашувлар, мазмунли суҳбатлар янгидан-янги ғояларга бой ўтди, дейиш мумкин. Тенгдошларим бу вақт мобайнида ўз соҳасининг етук мутахассисларидан ўзига керакли маълумотларни билиб олишди ва амалиётда қўллашга бел боғладилар. Бунда фақат ўқув машғулотлар эмас, балки ёшларни бир нуқтада бирлаштирган ва уларни чиниқтираётган спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.

Ёш журналистлар миллионлар ўйини бўлмиш футбол, ақл гимнастикаси шахмат, стол тенниси, воллейболл, сузиш каби спорт турлари бойича куч синашди. Мусобақаларда миллий медиа ассоциацияси вакиллари ва олийгоҳ ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этди. Қатнашчилар маданий ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурлари ҳам бўлиб ўтди. Янги дўстлар ва улар билан тунда гулхан атрофида гитара оҳангида кечган суҳбат жуда қизиқарли ва мароқли бўлди.
Бу даврлар қизиқарлилиги, таерорланмасли ҳамда ёрқин лаҳзаларга бойлиги билан бир умр ёдда қоларли бўлди. “Яхши дам меҳнатга ҳамдам” деганларидек бу оромгоҳдан қайтганда юқори кайфият, хушчақчақлик билан янги ўқув йилига тайёргарликни бошлаб юбордим. Бу тадбирни ташкиллаштиришда барча ташкилотчиларга ҳамда унивеситетимиз ректори Шерзодхон Қудратхожага чуқур миннатдорчилик изҳор этаман. Биз каби ёшлар билан ишлашда ҳеч қачон чарчаманг.
Диёрбек Жўрамирзаев,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси