Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Озарбайжон драматурги Мажит Шамхалов асари асосидаги "Қайнона" спектакли мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Спектакль тақдимотига бағишланган тадбирда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Азим Муллахонов икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда миллий театрларимизда Озарбайжон драматургларининг асарлари асосида янги-янги саҳна асарлари юзага келмоқда.

"Қайнона" фильми гарчи кўплаб томошабинларга таниш бўлса-да, унинг саҳнавий варианти ўзгача жозибадор ва қизиқарли экани билан аҳамиятлидир.


Юввош келинини чиқиштирмаган Жаннат хола, қайнонасини қайта "тарбияламоқчи" бўлган Офатнинг ғалати хатти-ҳаракатлари... Воқеа тафсилотларининг бари юморга йўғрилган бўлса-да, барибир "оила", "миллий қадриятлар", "катталарга ҳурмат" деган тушунчалар устувор бўлиб қолаверади.
Н.Усмонова, ЎзА