Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қавали” кичик саноат зонасига пресс-тур
18:28 / 2023-11-03

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган бир гуруҳ ОАВ вакиллари иштирокида яқинда давлатимиз раҳбарининг Қашқадарёга ташрифи чоғида фаолият бошлаган Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасига пресс-тур ташкил этилди.

Ушбу саноат зонаси ҳудуддаги саноат марказига айланган. Зона 6 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, у ерда фаолият юритаётган корхоналар сони 12 тани ташкил этади. 

Бу ерда қурилиш материаллари бўйича 13 та, фармацевтика бўйича 2 та, тўқимачилик бўйича 4 та, чарм-пойабзал бўйича 1 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Иштирокчилар дастлаб сэндвич панеллари ва профнастил ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Alptom” корхонаси фаолияти билан танишди. 

– Корхонамиз “1-сон комплекс лойиҳа қурилиш монтаж” МЧЖ таркибига киради, – дейди “Alptom” корхонаси иш юритувчиси Бахтиёр Ҳалимов. – Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 14,5 миллиард сўмни ташкил қилиб, йилига 350 минг квадрат метр сэндвич панеллари ва 2,5 миллион квадрат метр профнастил ишлаб чиқариш қувватига эгамиз. Сэндвич панел ишлаб чиқариш вилоятдаги ягона лойиҳа ҳисобланади. Икки йил олдин қурилиш жараёнига керак бўлгани учун Тошкентдан олиб келардик. Энди ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Корхонамизда 45 та иш ўрни яратилган. Улар доимий ва мавсумий ишчилар. Яқинда пинополистрол блокни ўзимизда тайёрлашни йўлга қўймоқчимиз. Бино тайёр. Фақат ускуналарни олиб келиб ўрнатиш қолди. Шунинг эвазига лойиҳа қиймати 18,5 миллиард сўмга етди. Янги лойиҳамизнинг ишга тушиши натижасида яна 30 та янги иш ўрни яратилади. Мазкур саноат зонасидан бизга ер текинга берилди. Бундан ташқари коммуникациялар, сув, электр давлат томонидан таъминланди. Бу эса корхона маблағларининг сезиларли тарзда тежалишига ва натижада фаолиятимизни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради. 

[gallery-14383]

Кейинги манзил саноат зонасидаги “Пегас” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Ушбу корхона темирни қайта ишлаш, лак буёқ ва уй текстил ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 13,4 миллиард сўмни ташкил этган мазкур корхона 0,35 гектар майдонни эгаллаган ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 70 минг тоннани ташкил этади. Корхона фойдаланишга топширилгач, 150 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозир корхона томонидан ишлаб чиқарилган лак- бўёқ маҳсулотларига нафақат маҳаллий, балки қўшни вилоятлар бозорларида ҳам қизиқиш ошмоқда. 

– Фаолиятимизни 2019 йилда бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Бекзод Носиров. – Асосан кўп қаватли уй-жойлар қурамиз. Кейинги фаолиятимизни қурилиш ишларига ишлатиладиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш эвазига уй-жойлар таннархини пасайтиришга қаратганмиз. Ҳозирча бу кўрсаткич 15 фоизга етди. 2026 йилга бориб, бу кўрсаткични 70 фоизга етказишни мўлжаллаганмиз. Мана бу корхонамизда ҳозирги кунда акрел асосли эмаль буёқлари, суюқ травертин қоришмаси ва метал буюмлар ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимиз тури 20 дан ошиқ. Йиллик қувватимиз минг донадан ортиқ. Келгуси йилда МДФ эшиклар учун ҳам буёқлар ишлаб чиқаришни режа қилиб қўйганмиз. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 13,4 миллиард сўмни ташкил этади. Буёқ ишлаб чиқаришда микракалцит хомашёсини Китоб туманидан олиб келамиз. Бошқа аралашмалар Туркия ва Хитойдан импорт қилинади. Янги лойиҳаларни ишга туширишда давом этяпмиз. 

Пресс-тур жараёнида саноат зонасидаги “Қарши мебель” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишилди. Мазкур мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 8,5 миллиард сўмни ташкил этади. Бу ерда йилига 4 минг дона турли кўринишдаги мебеллар ишлаб чиқарилади. Лойиҳа шу йили сентябрь ойида ишга туширилган. Эътиборлиси, янги корхонада 50 нафар ёш иш билан таъминланган. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари