Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича 6,6 миллион АҚШ долларига тенг грант лойиҳаси молиялаштириш учун маъқулланди
14:35 / 2023-01-25

Ўзбекистон Республикаси табиат ресурслари вазири А.Абдуҳакимов Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда томонлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида ҳам ҳамкорлик изчиллик билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.  

Ҳозирда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг Марказий Осиёдаги ягона офиси Ўзбекистонда очилган бўлиб, Табиат ресурслари вазирлигида фаолият кўрсатмоқда. “KEITI” компанияси иштирокида самарали амалга оширилган “Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича бош режани тузиш” техник кўмак лойиҳаси доирасида 6,6 миллион АҚШ долларига тенг грант лойиҳаси молиялаштириш учун маъқулланди. Шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиб, Корея ҳукуматига тақдим этилди.  

Шунингдек, “Sejin G&E Со., Ltd.” компанияси иштирокида “Тошкент вилояти маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирликлари билан келишувга эришилгани ҳам муҳим жиҳат саналади.  

Табиат ресурслари вазирлиги ходимларининг Корея Республикаси Атроф-муҳит вазирлигининг Экология соҳасида келажак илғор раҳбарлар учун магистрлик дастурида фаол иштирок этаётгани ҳам яқин ҳамкорликнинг яна бир амалий кўринишидир. 

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва Корея Республикаси Атроф-муҳит вазирлиги ўртасида ўзаро англашув Баёноти имзоланди.  

Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.  

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиши, шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳасининг бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этиш кўзда тутилган.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА