Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қаттиқ маиший чиқинди соҳасидаги хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди
18:27 / 2023-11-27

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари белгиланди.

Бу “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлар ижросини таъминлаш, санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳолининг даромади ва турмуш даражасини инобатга ҳолда амалга оширилди. 
 
Таъкидлаш жоизки, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази томонидан ўтказилган таҳлилларига кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омиллар, хусусан, иш ҳақи 1,5 бараварга, автотранспорт ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлари қиймати ҳамда коммунал хизматлар, жумладан, электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга, сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга, бензин 1,5 бараварга, дизел ёқилғиси эса 2 бараварга ошган. Бироқ Республикада қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тасдиқланган тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаган. Бу эса санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг 2022-йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетишига олиб келган. 
 
Янги таърифга кўра, Тошкент вилоятининг жами 22 та шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 4400 сўм (юридик шахслар учун 61 000 (68 320 ҚҚС билан) сўм) тўлов миқдори; 
 
Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 90 000 сўм (ҚҚС билан), вилоятнинг бошқа туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 4129 сўм, юридик шахслар учун 59 693 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори; 
 
Фарғона вилояти шаҳарларида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм, туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 4000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм тўлов миқдори; 
 
Андижон вилоятининг жами 16 та шаҳар ва туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 3500 сўм ва юридик шахслар учун эса 47 500 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори белгиланди. 
 
Маълумот учун, республиканинг бошқа вилоятларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда. 


 
Муҳайё Тошқораева, ЎзА