Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатор солиқ имтиёзлари қўлланилади
16:24 / 2022-07-07

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мажлисда дастлаб, “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълумот берди: 

—   Давлат дастури ҳамда давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонларида солиқ имтиёзларини бериш бўйича кўзда тутилган вазифалардан келиб чиқққан ҳолда ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси билан Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, мазкур қонун лойиҳаси билан мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 15 фоиздан 10 фоизга туширилади. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади. Хизматлар соҳасини ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари берилади ва алоҳида солиқ режими жорий этилади.

Хусусан, талабалар томонидан олий таълим муассасалари ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматлар ташкил этилган тақдирда, уларни ушбу фаолият учун даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, капитал бозорини қўллаб-қувватлаш учун солиқ имтиёзлари берилади. Тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материаллари импорти қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади. Хотин-қизларнинг бандлигини ошириш мақсадида меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида ўрнатилади, — деди вазир ўринбосари. 

Муҳокамаларда сўз олган депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган солиқ имтиёзларининг қўлланилиши аҳолини қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик субъeктлaрининг ўз ишлaб чиқaришини янада ривoжлaнтиришгa, уларнинг фаолияти учун қулайлик яратишга хизмат қилади.  

Шу нуқтаи назардан қонун лойиҳасининг муҳимлиги алоҳида таъкидланиб, уни бир йўла биринчи, иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинди ҳамда Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА