Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатъиятли ҳуқуқшунос
09:06 / 2025-07-19

Вақтнинг ўтишини қаранг. Ҳаёт ва илм қозонида қайнаган, ҳаловат нималигини билмаган бу зот бугун умрнинг табаррук етмишинчи довони билан юзма-юз турибди. Етмиш йиллик йўл бамисоли кўзгуда акс этиб тургандек. Шундай кезлар кўнгилдан нималар кечмайди, дейсиз. Албатта, ҳавас қиласиз... ва кўнгилга келганларни, дилда борини тилга чиқарасиз.

Таниқли ҳуқуқшунос, давлат ва жамоат арбоби, юридик фанлар доктори, профессор Ҳожимурод Одилқориев... 

2009 йилда номзодлик диссертациямни тайёрлашда мен билан бақамти ташвишлар ичида яшаган, ютуқларимдан қувонган, ғўрлик қилсам куюнган, йўл-йўриқлар кўрсатган инсон. Илм қилиш машаққат экани ҳеч кимга сир эмас. Конституциявий ҳуқуқ фанини етук мутахассисиси сифатида мамлакатимиз миллий парламенти ривожланишининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги, халқаро тажрибадан нималарни ўзимизнинг парламент фаолиятига тадбиқ этиш мумкинлиги ёки шунга ўхшаш масалаларда иккиланиб қолганда ҳамиша беминнат маслаҳатлари билан қўллаган. Салобати ҳайбатидан ҳеч қачон қалбимдаги  меҳрни ошкор қилишга, оддий ўзбекона раҳматни ҳам айтишга ўзимда куч топаолмаганман. Бугун у киши табаррук 70 ёшда, мен  эса ҳамон толиби илм, аммо қалбимдаги меҳрни ошкор қилмасам бўлмас энди...

Эсимда, илк бор – 2004 йил 26 декабрда бўлиб ўтган икки палатали  парламент сайловида мен ҳам иштирок этиб, толеим кулиб ғолиблар сафида эдим. Ўша вақт кўпчилигимиз парламент фаолияти билан таниш бўлсак-да, икки палатали парламент, унинг асосий тамойил ва функциялари ҳақида тўлиқ тушунчага эмас эдик. Шунда  юридик фанлари доктори, профессор Ҳ.Одилқориев ва И.Тультеевларнинг “Икки палатали парламент” номли китоби бизга қанчалар асқотганини бугун ҳам миннатдорчилик билан эслайман. Айнан ушбу китоб орқали мамлакатимизнинг икки палатали парламенти фаолияти, унинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳақида назарий тушунчаларга эга бўлганмиз. 

Устоз Ҳ.Одилқориев билан илк учрашувимиз ғойибона, у кишининг китоби орқали бўлган эди. Кейинчалик билсам, устоз юридик-ҳуқуқ фани, қолаверса, парламентаризм соҳасида энг етакчи олимлардан бири экан. Кўплаб ёш ҳуқуқшуносларга тўғри йўлни кўрсатган, устозлик қилган, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларни ҳуқуқий асосларини яратишда фаол иштирок этган, қолаверса, мустақилликнинг биринчи кунларидан давлат қурилиши ва бошқарувининг энг юқори органларида фаолият юритган, ўзининг қатъий позициясига эга бўлган, кўп улуғ зотларнинг эътибориган тушган олим экан. 

Устоз билан илк танишувимиз қизиқ бўлган. 2009 йилда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ҳуқуқий асослари” мавзусида номзодлик диссертациямни ёзиб тугатган паллалар эди. Ўша вақтда қўмитамиз раиси бўлган Н.Исмоилов илмий ишимни Ҳ.Одилқориевга кўрсатиб, ўқитиб олишимни маслаҳат берди. Лекин шу гапни ҳам қистириб ўтдики, агар илмий ишим Ҳ.Одилқориев “қўлидан ўтса” кейинги муҳокамаларда бошқа эътирозлар бўлмаслиги аниқ...

Устозни излаб у киши меҳнат қилаётган Ички ишлар вазирлиги Академиясига бордим. Номзодлик ишим билан танишиб чиқишларини, керак бўлса, зарур маслаҳатларини беришларини илтимос қилдим. Аммо ёшлик қилиб, катта олимнинг бу ишга вақти бўладими ёки йўқми, ўйламабман. 

Ҳожимурод ака оғринмасдан “иш”ни олиб қолдилар. Тез фурсатда ўқиб, камчиликларини кўрсатиб, қайтиб бердилар ва йўлакай: “Диссертациянгизни фалон бетида айтган фикрингиз мен учун янгилик бўлди. Жуда тўғри масалани кўтарибсиз”, деб қўшиб қўйдилар. Домлани шу биргина сўзи менга катта далда бўлди ва ўзимга ишонч ортди. Муҳокаманинг кейинги босқичларида  дадил ҳаракат қилдим.

Олдиндан айтиб қўяй, мен ўша пайтдаёқ домлани улкан илм соҳиби, парламентаризм соҳасини йирик мутахассиси эканлигини билганман. У кишидаги вазмин-босиқлик, ҳар бир масалага жиддий ёндашиш, ўз фикри ва сўзига эга эканлигидан ҳайратга тушганман. 

Бу гапларни нега энди бугун, ҳозир айтаяпман? 

Кўпчилигимиз дўпппи тор келганда ўз қарашларимиздан чекинамиз, “курси”ни афзал биламиз. Баъзида кимнидир кўнглига тегиб кетмаслик учун тўғри гапни айтишдан ўзимизни тиямиз. Бирон бир ғоя нотўғри эканлигини билсак-да, уни “йўқ, бундай эмас” деб айтаолмаймиз. Домла эса, ундай эмас. Мен Афлотунни ҳурмат қиламан, лекин ҳақиқат мен учун авлороқ деган ақидага амал қиладилар доим. Илмда ёлғон бўлмаслиги керак, у кишининг шиори шу.

Айнан шунинг учун ҳам устоз Ҳожимурод Одилқориевни илм аҳли бирдек ҳурмат қилади. Устоз босиб ўтаётган йўл ҳамма томонлама ибратли. Ҳуқуқшуносликка оид 600 дан зиёд асарлари нашр этилган, 58 та монография, дарсликлар, ўқув-қўлланмалар ва 550 дан зиёд илмий мақолалар муаллифи. Ишлар, мақолалар, таҳлиллар давлат ва ҳуқуқ назарияси, конституциявий ҳуқуқ, маъмурий ҳуқуқ, халқаро оммавий ҳуқуқ, қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш ва қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва унинг тармоқлари ўртасида ваколатлар тақсимланиши, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий қадриятлар, одил судлов ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, медиaция, қонунчилик тизими, шу жумладан сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, давлат бошқарувини модернизaция қилиш, жамоатчилик назорати, ижтимоий-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш каби масалаларга бағишланган.

Тиниб-тинчимас, заҳматкаш олим Ҳожимурод Одилқориев раҳбарлигида 50дан зиёд фан доктор ва намзодлари ўз ишларини муваффақиятли қимоя қилган.

Устозни илмий соҳада босиб ўтган улкан йўли, меҳнат фаолияти барча ҳуқуқшунослар учун чин маънода ибрат мактаби. Мен кўпчилик ҳуқуқшунослар қаторида устоз яратган мактабдан баҳраманд бўлганимдан фахрланаман ва умрингиз узоқ бўлсин, ҳорманг энди, устоз, дейман...

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий судининг судьяси, 

юридик фанлар номзоди.

ЎзА