Оила ва хотин-қизлар қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Aтроф-муҳитни асраш ва “яшил" иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил қилишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунар турларига ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2025 йилда 139 минг 396 нафар аёлни касб-ҳунарга ўқитиш, 220 минг 980 нафар опа-сингилларимизга ишга жойлашишга кўмаклашиш, 134 минг 400 нафарини тадбиркорликка ўқитиш чораларини кўриш белгиланган.

Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш, таълим муассасаларида, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳасини амалга ошириш, хотин-қизлар томонидан яратилган ихтиро ва инновацион маҳсулотларни халқаро даражаларга олиб чиқиш, аёллар тадбиркорлигини ва электрон тижоратни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида “Innowomenweek-2025” ихтирочи ва тадбиркор хотин-қизларнинг инновацион ҳафталигини ташкил этиш, аёлларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, инновациялар борасидаги қизиқишларини ошириш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этиш, IT-парк резидентлари бўлиши учун имкониятлар яратишга жиддий эътибор қаратилади.

Айни пайтда бизнесини кенгайтириш истагидаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, чет элларда ўзбекистонлик хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича хорижий сайёр қабулларни ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача мўлжалланган “Оила фаровонлиги” миллий дастури бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичга эришишга катта аҳамият қаратилади.

Шу билан бирга давлат дастури доирасида хотин-қизлар “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига жалб этилиб, уларнинг IТ-парк резидентлари бўлиши учун имкониятлар яратилади. Йил давомида 15 минг хотин-қизни ахборот технологияларидан фаол фойдаланишга ўргатиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, устувор вазифалар таҳлил қилинди, тегишли вазифалар белгиланди.
Н.Усмонова, ЎзА