Исроилнинг Доҳага уюштирган ҳаво ҳужуми нафақат Қатар, балки бутун Форс кўрфазида кескин акс-садо берди. Бу кичик, аммо стратегик аҳамиятли давлат шу пайтгача ўзини хавфсиз ҳис қилишга асоси бор, деб ўйлаган.
АҚШнинг минтақадаги энг йирик ҳарбий базаси ушбу мамлакатнинг Ал Удайд ҳудудида жойлашган. Трамп яқинда қизил гилам ва миллиардлаб долларлик битимлар билан айнан шу ерда кутиб олинган. Қолаверса, Қатар Ғазо урушини тугатиш бўйича асосий воситачи сифатида тан олинган.
Шунга қарамай, Ҳамас делегацияси билан навбатдаги музокара бошланишидан икки соат олдин, Исроил самолётлари Доҳадаги турар-жой биносини нишонга олди. Ҳужум оқибатида ҳаракатнинг беш нафар аъзоси ва Қатар хавфсизлик ходими ҳаётдан кўз юмди.
Бу воқеа мамлакатда чуқур англашилмовчилик ҳолатини келтириб чиқарди. Таъбир жоиз бўлса, ўзига хос хиёнат сифатида ҳам баҳоланди. Бош вазир Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол-Таний СNN мухбирига берган интервьюсида ҳужумни “давлат террори” деб атади. Биньямин Нетаньяхуни “ҳар қандай тинчлик имкониятини йўққа чиқарган”ликда айблаб, “халқаро қонунларни бузган жиноятчи” сифатида адолат даврасига олиб келишга чақирди.
Қатар, АҚШнинг ишончли ҳамкори сифатида шу йилнинг ўзида Ал Удайд базасига берилган Эрон зарбасини ҳам ўз ҳудудида “Америка номидан” қабул қилган эди. Исроилнинг тўғридан-тўғри ҳужуми эса Вашингтоннинг хавфсизлик кафолатига шубҳа солмоқда.
“Carnegie Endowment” тадқиқотчиси Ха Хеллер таъкидлаганидек, “Форс кўрфазидаги давлатлар энди янги хавфсизлик қўрғони тўғрисида ўйлаши ларкор. Зеро, ҳозиргача таяниб келинган ҳамкор мамлакатни, ҳатто, ўз иттифоқчисидан ҳам ҳимоя қила олмади”.
Қатар воситачилик фаолиятини тўхтатиши хусусида ҳозирча бирор нима дегани йўқ, бироқ музокара амалда музлаб қолди.
Халқаро сиёсат бўйича эксперт Ҳасан Ал-Ҳасан фикрича, “бундай хавфни ҳудуддаги ҳеч бир давлат ўз зиммасига олишни истамайди”. Бу эса Араб давлатларининг нафақат Ғазо, балки Эрон, Хусийлар, Россия билан боғлиқ ёки бошқа можаролар бўйича воситачилик қилишга ишончини сўндириши мумкин.
Масалан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва Миср кўп йиллар давомида воситачилик ролини бажарган. Энди бу давлатлар ҳам Трампнинг муносабатини диққат билан кузатмоқда. Шу нуқтаи назардан Қатарга берилган зарба кўп йиллик хавфсизлик келишувлари, миллиардлаб долларлик шартномалар ва АҚШнинг минтақадаги обрўсига путур етказди. Исроилнинг Доҳага ҳужуми билан яна бир қараш мустаҳкамланди: Тель-Авив тинчлик музокарасини йўққа чиқаришга интилади. Асосий савол шу: Энди АҚШ Араб иттифоқчиларининг Вашингтонга ишончини тиклай оладими?
Мусулмон Зиё, ЎзА