Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатарда таълим бўйича халқаро анжуман ўтказилди
15:44 / 2024-09-11

QNA ахборот агентлиги ёзишича, Қатарда “Таълим ҳамма нарсадан устун” жамғармасига асос солинганининг беш йиллиги тантанали нишонланди. Маросим доирасида Миллий анжуманлар марказида бўлиб ўтган “Хавф остидаги таълим: урушнинг инсоний баҳоси” мавзусидаги давра суҳбатида турли давлатлардан таниқли арбоблар тўпланди.

Мамлакат оммавий ахборот воситалари Таълимни тажовуздан муҳофаза қилиш халқаро куни муносабати билан уюштирилган анжуманда Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этганига алоҳида эътибор қаратган.

– Ўзбекистон таълим сифатига, айниқса қизлар ва аёлларнинг чуқур билим эгаллашига урғу бермоқда, – деди Саида Мирзиёева ушбу нуфузли тадбирга таклиф қилгани учун Қатар давлати таълим, фан ва ижтимоий тараққиёт жамғармаси – Qatar Foundation раҳбари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Барқарор ривожланиш мақсадлари тарафдорлари гуруҳи аъзоси Шайха Моза Бинт Носир Ал-Миснадга миннатдорлик билдираркан. – Бу масалада юртимиз сарҳадлари билан чекланиб қолаётганимиз йўқ. 2018 йил давлат етакчиси ташаббуси билан Термиз шаҳрида касб-ҳунар таълими маркази очилди. Ҳозиргача бу масканда 700 га яқин Афғонистон фуқароси, жумладан 200 нафар хотин-қиз таҳсил олди. Қардош қўшни ўлка аёллари учун бу жуда муҳим. Зеро, мамлакатда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида малакали тиббий кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Биз гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғонистонлик қизлар ва аёлларни зарурий касбларга ўқитиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Қатар ҳукумати ва “Education Above All” жамғармаси бўлса, бу борада бизга ёрдам беришга шай. Мавжуд вазиятни инобатга олсак, вазифани уддалаш ҳеч бир томон учун осон кечмайди. Энг муҳими, бу йўлда бор имкониятимиз, куч-қувватимизни ишга солишга тайёрмиз. Хотин-қизларни ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли – улар таълим олиш имкониятидан эмин-эркин фойдаланишига эришишдир.

Форум иштирокчилари Шайха Моза Бинт Носирнинг 25 дан ортиқ давлатни қамраб олган зиддиятли ҳудудлардаги улкан саъй-ҳаракати, самарали ташаббусларини эътироф этишди.

Таълим жамиятнинг фаровон келажаги, инсон характерини шакллантириш гарови, юксалиш ва тараққиёт таянчи экани қайд этилди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА