Бугун, 20 ноябрь куни Қатар яшил майдонларида футбол бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари бошланса, Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россияга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказади.
Хабар берганимиздек, ўзига хос шов-шувлар теграсида бошланаётган жаҳон чемпионатининг бугун очилиш маросими ва Қатардаги «Ал-Байт» стадионида илк ўйин - Қатар - Эквадор баҳси билан Жаҳон чемпионатига расман старт берилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жамоалар «А» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, ушбу гуруҳ доирасидаги иккинчи учрашув - Сенегал ҳамда Нидерландия термалари ўртасидаги ўйин эртага ўтказилади.
Тошкентдаги Ўзбекистон-Россия терма жамоалари учрашуви ҳақида шуни айтиш лозимки, вакилларимиз кўк, Россия жамоаси эса қизил рангда ҳаракатланади.
Кеча Ўзбекистон ва Россия терма жамоаларининг мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда журналистлар мазкур учрашувнинг аҳамияти, футболчиларнинг ҳаракати, ҳар икки жамоанинг умумий ҳолати, россияликлар устози Валерий Карпин ва Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанеснинг икки марта халқаро учрашувларда тўқнаш келгани каби қатор саволларга жавоб олишди.
Т. Рўзиев, ЎзА