Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатар Миллий байрами олдидан
09:34 / 2023-12-17

Қатар давлати ҳукуматининг бош қароргоҳи, суверен органи ва мамлакат Амири олий ҳазратларининг маъмурий идораси бўлмиш “Амир Девони” (diwan) нашри миллий байрам муносабати билан 17-18 декабрни дам олиш кунлари сифатида эълон қилди.

Миллий кунни нишонлаш учун қатарликлар автомобилларни, уйлар пештоғини давлат байроғи ва бошқа миллий белгилар билан безайди. Зеро, Давлат байроғи миллийлик, ўзлик ва мағрурлик уйғунлиги, қадриятга дахлдорлик рамзидир.

Қатар давлати бирдамлик тамойилини сақлаб қолган халқи билан фахрланади. Миллий байрам мамлакатнинг асосий қадриятлари – садоқат, бирдамлик ва ғурурни эслатиб туради. Бу кун ўтмишдан илҳом олиш, бугунги кунни улуғлаш ва ёруғ, истиқболли келажакни башорат қилиш – мамлакатнинг бой мероси ва ўзига хослигини кейинги авлодлар учун асраб-авайлаш зарурлигини яна бир бор тасдиқдаш имконидир.

Ҳар йили 18 декабрда Қатарнинг бирлашиши ва мустақиллиги нишонланадиган мазкур миллий байрам Амир ва меросхўрнинг 2007 йил 21 июндаги фармони билан таъсис этилган.

1878 йил 18 декабрь – Қатар давлати ташкил топган кун ҳисобланади. 1867 йил Баҳрайн ҳукмдори Ал-Халифа бошчилигидаги ҳарбийлар Қатар исёнчиларига қарши амалиётни, яъни Ал-Вақра шаҳрига денгиз ҳужумини бошлади. Бу тажовузкор ҳаракат 1820 йилда тузилган Англия – Баҳрайн шартномасининг бузилиши эди.

Англиянинг вазиятга дипломатик муносабати 1878 йил 18 декабрда Қатар давлатининг ташкил этилиши билан якунланди. Айрим қатарликлар бу воқеани “Биринчи мустақиллик уруши”, деб атайди. Орадан 15 йил ўтиб, 1893 йил март ойида Дохадан 12 км ғарбда жойлашган Важба жангида Шайх Жасим бин Муҳаммад Ол Соний туркларни мағлуб этиб, кейинчалик алоҳида Қатар давлатини яратиш учун асос бўладиган шартномани имзолади. Бу ҳодисани кўпчилик қатарликлар “Иккинчи мустақиллик уруши”, деб атайди.

Миллий сана, шунингдек, мамлакатнинг бирлашишини хотирлаш анъанаси асосчилари куни сифатида ҳам эътироф этилади. Яъни, 1878 йил шайх Жасим бин Муҳаммад бин Соний халқ кўмагида отасининг ўрнига ўтирган.

1878-1913 йилларда ҳукмронлик қилган бу шахс мамлакат шимоли-шарқидаги Фувайрит шаҳрида отаси, ўша даврдаги энг кўзга кўринган раҳбар Шайх Муҳаммад бин Соний қарамоғида ўсган. Шайх Жасим чавандозлик, овчилик маҳоратидан ташқари ислом таълимоти – Қуръони Карим, фиқҳ илмини ҳам чуқур ўзлаштирган донишманд, эҳтиёткор, саховатли, фозил раҳбар эди. У замонавий Қатарнинг асосчиси ҳисобланади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА