Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатар Эронни кескин огоҳлантирди
10:09 / 2026-03-04

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Доҳага йўллаган зарбаларини кескин қоралаб, бу ҳаракатлар “барча қизил чизиқларни босиб ўтгани”ни маълум қилди.

Вазирлик вакили Мажид ал-Ансорийнинг айтишича, эронликлар фақат ҳарбий объектларга эмас, балки бутун мамлакат ҳудудига, жумладан Доҳадаги аэропорт ва газ инфратузилмаларига ҳам ҳужум қилган. Шунингдек, Қатар ҳаво ҳудудига кирган икки қирувчи самолёт уриб туширилган.

Ал-Ансорий бу ҳужум ўлка суверенитети, аҳолиси ва миллий хавфсизлигига очиқ таҳдид эканини таъкидлаб, Доҳанинг жавоб қайтариш ҳуқуқи сақланиб қолишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги асосий вазифа Қатарда яшовчи 140 дан ортиқ миллат вакилларининг хавфсизлигини таъминлашдир.

Қатар ва Эрон ўртасида ҳозирча мулоқот каналлари очиқ эмас. Вазирлик вакили мамлакат ҳаво мудофаа тизими ҳар қандай янги ҳужумни қайтаришга тайёр экани, зарур миқдорда ракета ва мудофаа воситалари мавжудлигини урғулади.

– Бундай ҳужумлар жавобсиз қолмайди ва қолиши ҳам мумкин эмас, –деган расмий.

Шу билан бирга, Эрон зарбалари натижасида Қатарнинг суюлтирилган газ (LNG) инфратузилмалари вақтинча ёпилди. Бу эса жаҳон иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Айни пайтда Қатар ҳаво ҳудуди ёпиқ ҳолда қолмоқда ва ушбу давлат орқали учиши керак бўлган 8 мингдан ортиқ транзит йўловчи вақтинча Қатарда қолиб кетган.

Мусулмон Зиё, ЎзА