Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Қатар давлати ахборот агентлиги – “QNA” саҳифаларида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ушбу давлатнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим билан учрашгани батафсил ёритилди.
Нашр суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинганига тўхталган. Хусусан, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни, парламентлараро алоқани янада мустаҳкамлашга эътибор қаратгани қаламга олинган.
Таъкидлаш жоиз, 2021 йил март ойида Олий Мажлиснинг Қатар Давлати Маслаҳат Кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи тузилган, 2022 йил мартда эса Дохада ҳам “Қатар – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи иш бошлаган.
– Қатар парламенти билан шерикликни ривожлантириш биз учун устувор йўналиш, – деди Т.Норбоева. – Шу нуқтаи назардан “дўстлик гуруҳлари” ва парламентларимиз тегишли қўмиталари ўртасидаги амалий мулоқотни фаоллаштириш ўзаро муносабатни янги мазмун билан бойитиш, ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради.
Дипломат, ўз навбатида, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг июнь ойида диёримизга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатга мутлақо янги руҳ бахш этганини таъкидлади. Ўзбекистон Қатар учун минтақадаги асосий ҳамкор эканини алоҳида эътироф этиб, парламентлараро алоқани ривожлантириш аҳамиятига тўхталди, юқори даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлар муҳимлигини қайд этди.
Мулоқот давомида маданий-гуманитар, айниқса, туризм соҳасидаги ҳамкорликни риворжлантириш учун кенг имконият мавжудлиги таъкидланиб, мазкур йўналишда истиқболли лойиҳаларни кўпайтириш зарурлиги юзасидан якдил фикр билдирилди.
Учрашув якунида халқаро ташкилотлар доирасидаги шериклик ва ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этишга келишиб олинди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА