Қатар ахборот агентлиги – QNA Самарқандда бўлиб ўтган йўқолиб бораётган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция томонлари 20-конференцияси – CITES CoP20 анжуманини кенг ёритмоқда.
Айни мавзудаги бир мақолада Қатар CITES саммитида атроф-муҳит ва ёввойи табиатни муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида қатор ташаббуслар илгари сургани таъкидланган.
Хусусан, ушбу араб мамлакати атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирининг табиатни муҳофаза қилиш ва қўриқхоналар бўйича ёрдамчи котиби доктор Иброҳим Абдул Латиф Ал-Муслиманий бошчилигидаги делегация мазкур нуфузли тадбирни амалдаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириши, одамлар ва сайёра учун муҳим натижалар келтиришини қайд этди. Жамоавий ҳаракатлар ёввойи табиат гуллаб-яшнайдиган келажакни таъминлашнинг ягона йўли экани, замонавий Ипак йўли нафақат савдо тармоғи, балки Ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш, барқарор ташаббусни белгилаш, билим, садоқат ва ҳаракатни рағбатлантириш воситасилигига эътибор қаратди.
Муаллиф CITES CoP20 тадбири Конвенциянинг Марказий Осиёда ўз тарихида ўтказаётган илк йирик йиғилиши экани, форумда 184 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 3000 га яқин делегат, жумладан давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илмий ҳамжамият ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этганига тўхталиб, анжуман глобал биохилма-хилликни сақлаш чораларини кучайтириш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлар билан халқаро савдони тартибга солиш механизмини такомиллаштириш орқали халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлаган.
Ялпи сессиялар, Конвенция иловаларига киритилган ўзгаришлар бўйича муҳокамалар, ҳар хил мавзуда тадбирлар, ёввойи табиатни ҳимоя қилиш йўлидаги халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришга қаратилган юқори даражали учрашувларни ўз ичига олган кенг қамровли CITES CoP20 доирасидаги дастурлар бугун ўз ишини якунлади.
М.Пирматова, ЎзА