French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатар Амири Самарқанддаги обидалар билан танишди
21:48 / 2023-06-05

Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадим ва бетакрор Самарқанд шаҳрининг улуғвор меъморий обидаларини кўздан кечирди.

Давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини бориб кўрди. Маълумки, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек буюк олим ва ҳукмдор сифатида илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона кашф қилиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. Унинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари бутун дунёда, хусусан, араб оламида фалакиёт бўйича илмий манба сифатида машҳур бўлган.

Танишув чоғида темурийлар даврида илм-фан, маданият ва бунёдкорлик юксак даражада ривожлангани, бу юртимиздаги Иккинчи ренессансга асос бўлгани ёдга олинди. Бугун юртимизда ислом цивилизацияси, алломалар меросини ўрганиш бўйича марказлар ташкил этилгани таъкидланди.

Кейинги манзил “Афросиёб” музейи бўлди. Бу ердаги экспонат ва деворий суратлар Самарқанд шаҳрининг уч минг йиллик тарихидан ҳикоя қилади. Шундай суратлардан бирида Афросиёб ҳукмдорининг элчиларни қабул қилиш маросими акс этган. Бу аждодларимиз дипломатияга катта эътибор бергани, Шарқ ўлкалари билан азалдан ҳамкорлик яхши бўлганини кўрсатади.

Дунёга машҳур Регистон майдони – мамлакатимизнинг яна бир “ташриф қоғози”, аждодларимиз бунёдкорлик салоҳиятининг гўзал ифодаси. Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг маҳобати, ўзига хос архитектураси ҳаммада ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

Олий мартабали меҳмонга мадрасаларнинг қурилиш тарихи, нақш ва рамзларнинг мазмуни, майдонда амалга оширилган таъмирлаш ишлари ҳақида сўзлаб берилди. Қатар Амири мадрасаларни катта қизиқиш билан томоша қилди.

Сўнг давлат раҳбарлари Самарқанднинг Халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасига ташриф буюрдилар.