Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатар 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилишга номзод
11:58 / 2025-07-24

2036 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказишга даъвогар давлатлар сони Қатар ҳисобига яна биттага кўпайди. Бугунгача Германия, Ҳиндистон, Чили ва Жанубий Корея давлатлари тўрт йилликнинг муҳим спорт мусобақасини қабул қилиш борасида Халқаро олимпия қўмитасининг мулоқот гуруҳида қатнашишини тасдиқлаган эди.

Куни кеча Қатар олимпия қўмитаси 2036 йилги ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилишга номзод эканини эълон қилди.

Қатар 2022 йили футбол бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганидан сўнг, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ушбу мамлакатда демократия йўқлиги, сўз эркинлиги чекловлари ва оғир меҳнат шароитлари каби бошқа муаммолар мавжудлигига ишора қилган эди. Шунга қарамай, футбол нуқтаи назаридан мундиал Қатарда муваффақиятли ўтгани халқаро футбол жамоатчилиги томонидан эътироф этилганди.

Хўш, Қатар 2036 йилги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларини қабул қилиш курашида Германия, Ҳиндистон, Чили ва Жанубий Кореядан устун кела оладими?

Бу борада ҳозирдан якдил фикр айтиш мушкул. Боиси, шу кунларда ёзги Универсиада ўйинларини қабул қилаётган Германия, ўйинларни қабул қилишни давлат даражасидаги глобал масалага айлантираётган Ҳиндистон тўсиғини Қатар енгиб ўтиши анча мушкулдек, назаримизда.

Бироқ, Қатар йилдан-йилга йирик халқаро спорт тадбирларига мезбонлик қилиш бўйича бой анъанага эга бўлиб бормоқда. Сўнгги йигирма йил ичида мазкур давлат турли спорт йўналишларида 18 та жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилишга муваффақ бўлди.  

Шундай вазиятда Ўзбекистон ҳам қачонлардир ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига мезбонлик курашида иштирок этиши мумкинми, деган ҳақли савол кўпчиликнинг кўнглидан кечиши табиий. Албатта, мамлакатимизда кейинги 7-8 йилликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, хусусан Олимпия ҳаракатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда турли спорт турлари бўйича ташкил этилаётган жаҳон чемпионатлари, Халқаро спорт ташкилотларининг конгресс ва ассамблея йиғилишларининг пировард мақсади айни масалага қаратилгани билан аҳамиятли.

Рақамларга эътибор қаратилса, мамлакатимизда кейинги 4-5 йиллик оралиқда 10 дан зиёд спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари, кубок баҳслари, Олимпия ўйинларининг саралаш мусобақалари ташкил этилди.  

20 нафарга яқин ўзбекистонлик спорт мутахассислари Осиё олимпия кенгаши, турли халқаро спорт федерация ва бирлашмаларида, ижроия қўмиталарида самарали фаолият кўрсатиб, дунёда Олимпия ҳаракатининг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Тошкентда қисқа фурсатда "Олимпия шаҳарчаси" барпо қилинмоқда. Бугунги кунда мазкур муҳташам спорт шаҳарчасида сўнгги таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида “Беш ташаббус олимпиадаси”, "Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари" спорт ўйинлари каби ноёб Олимпия ҳаракатига ҳамоҳанг мусобақалар тизими ишлаб чиқилди.  

Бу саъй-ҳаракатлар, дунёнинг энг илғор коммуникация тизимларини ўзида мужассам этган "Олимпия шаҳарчаси" инфратузилмаси, мамлакатимизда қисқа фурсатда амалга оширилган юксак даражадаги бунёдкорлик мажмуалари Янги Ўзбекистон қиёфасини, уни глобал спорт мусобақалари маркази сифатида танилишга ҳозирликдан далолат, дейиш мумкин.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА