Бошланганига 11 кун бўлган жаҳон чемпионатининг кеча кечки пайти якунланган учрашувларига кўра, 1/8 финал ўйинининг илк жуфтликлари маълум бўлди.
“А” гуруҳининг сўнгги учинчи турида Луи Ван Гал мураббийлигидаги Нидерландия терма жамоаси қатарликларни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, 1/8 финал босқичига йўл олди. Ушбу гуруҳдаги Эквадор - Сенегал учрашуви 1:2 ҳисобида сенегалликлар ғалабаси билан якунланди.
“В” гуруҳининг 3-тур баҳсида Англия Уэлс устидан 3:0 ҳисобида ғалабага эришди. 1-бўлимда дарвозалар дахлсизлиги таъминланди. 2-бўлимда инглизлар учта тупни Уэлс дарвозасига йўллаб, Жаҳон чемпионати-2022 да 7 очко билан ўз гуруҳи етакчисига айланди. Энди улар 4 декабрь куни 1/8 финал ўйинида Сенегал билан рўбарў келади.
АҚШ терма жамоаси билан кучли руҳий босим остида ўйин ўтказган эронликлар гуруҳдаги 3-тур учрашувини 0:1 ҳисобидаги мағлубият билан якунлади. Бу 3 декабрь куни ўтадиган 1/8 финал баҳсида АҚШ ва Нидерландия жамоалари тўқнаш келишига олиб келди.
Шу ўринда айтиш лозим, ўз гуруҳида етакчилик қилиб, 1/8 финал ўйинида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Нидерландия ўтган 9 та Жаҳон чемпионатларидаги иштироки тарихида кетма-кет кейинги босқичга чиққан жамоалардан бири сифатида ёд этиладиган бўлди.
Яна бир ўзига хос натижани Қатар жамоаси қайд этди. Ўз майдонида Жаҳон чемпионатини ўтказаётган учта ўйинда мағлуб бўлган биринчи мезбон мамлакат бўлди. Бундан ташқари, қатарликлар гуруҳ босқичида ўтказиб юборилган голлар бўйича ҳам рекорд ўрнатди. Улар ўз дарвозаларидан 7 та туп ўтказиб, рақиб дарвозасига 1 та туп йўллай олди.
Бугун – 30 ноябрь куни “В” ҳамда “Д” гуруҳларидаги 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда “В” гуруҳида Австралия-Дания, Тунис-Франция, “Д” гуруҳида Польша-Аргентина, Саудия Арабистони-Мексика жамоалари 1/8 финал босқичига чиқиш учун кураш олиб боради.
Т. Рўзиев, ЎзА