English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатағон қурбонларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож 47 нафар авлодлари аниқланиб, қўллаб-қувватланди
15:38 / 2020-11-11

– Очиғини айтаман, аввалги йиллар фақатгина мустақиллик байрами олдидан бобомни йўқлаб келишарди, – дейди 1937 йилда қатағон қилинган сурхондарёлик Зулфиқор Холбой ўғлининг невараси Ойсоат Бекмуродова. – Боз устига, бу йўқловларнинг шунчаки номига ўтказилаётганини биз ҳам сезиб турардик. Бир, икки қоғозга «қўл қўйдириб», қайтиб кетишарди.

Дарҳақиқат, Ойсоат опанинг гапларида жон бор. Чиндан ҳам авваллари қатағон қурбонларини ёд этиш деган юмуш қоғозбозлик, расмиятчилик ва тадбирбозликдан иборат эди. Яқин-яқингача «Қатағон қурбонларининг уйига бордингми? Бордим» қабилида иш тутилгани, ҳисоботлар учун ишлаш одатга айланганини ҳеч ким инкор этмаса керак.

Тан олиш керак, давлатимиз раҳбарининг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармойиши ватанимиз озодлиги ва ҳуррияти учун жон фидо қилган аждодларимизни хотирлашни доимий вазифамизга айлантирди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳам Президентимиз фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг кам таъминланган авлодларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, фонд ташаббуси билан қатағон қурбонларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож 47 нафар авлодлари аниқланиб, манзилли қўллаб-қувватланди. Уларга бир марталик моддий ёрдам ажратилиб, иссиқ кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

«Маҳалла» фонди бундан кейин ҳам қатағон қурбонларининг кам таъминланган авлодларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор билан ёндашади. Зеро, бугунги фаровон кунларимиз учун жон фидо қилган аждодларимиз хотирасини эъзозлаш, уларга ҳурмат бажо келтириш биринчи галдаги вазифамиздир.

 

Ҳасан САЛОМОВ, «Маҳалла» фонди

матбуот котиби