Муносабат
Жорий йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори эълон қилингач, унинг мазмун-моҳияти билан чуқур танишиб чиқдим.
Очиғи, ушбу қарорнинг қабул қилинганлигидан беҳад қувондим. Чунки мазкур ҳужжатни қатағон сиёсати даври, адолатсизлик, ноҳақдан ана шу сиёсат қурбони бўлган инсонлар билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни тиклашга қўйилган катта қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин.
Қарийб ярим асрдан кўпроқ вақтдан буён тарих, қаттағон даври сиёсатини ўрганиш мавзусида илмий-амалий тадқиқотлар олиб бораман. Ўзбекистонда, Ўрта Осиёда юз берган советларнинг қатағон сиёсати, амалиёти ва унинг фожиасига бағишланган ўттизга яқин китоблар, юздан ортиқ илмий мақолалар, бир неча қайта нашр этилиб келаётган Ўзбекистон тарихи ўқув-қўлланмаси муаллифи, халқаро илмий анжуманлар иштирокчиси сифатида ушбу қарорни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Мазкур йўналишдаги ишларимни янада кенгайтириш учун ўзига хос услубий асос, менга куч ва рағбат берувчи ҳужжат сифатида унинг муҳим аҳамият касб этишини ҳис этдим.

Ҳужжатда жуда катта вазифаларни амалга ошириш белгиланган. Шу ўринда 2016 йилдан ҳозирга қадар Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиёсий, мафкуравий, маърифий ва байналмилал аҳамиятга эга мазкур мавзуда собиқ иттифоқ республикалари орасида пешқадамлик қилаётганлигини алоҳида эътироф этиш керак. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ҳар бир вилоят бўйича китоблар нашр этилиши, барча вилоятларимизда Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил қилиниши ва уларнинг самарали фаолият кўрсатаётгани, бу музейлар қатағон қилинганларни ўрганиш бўйича илмий масканларга айлангани барчамизга маълумдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, 2021 йил 31 августга кадар қатағон қилинган 41 минг киши ҳақида маълумотлар бериш вазифаси бутун тарихчи олимлар, архивчилар зиммасига юклатилган эди. Бу вазифа ижроси республикада биринчи бўлиб, Андижонда бажарилди. Чор Россияси ва совет даврининг маълум йиллардаги қатағон қилинган инсонлар, уларнинг фожиали тақдири ҳақида китоб чоп этилди.
Давлатимиз раҳбарининг янги қарорида бугунги мураккаб ва таҳликали даврда мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тарихимизнинг номаълум саҳифаларини тиклаш ҳамда илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиш қайд этилган. Шунингдек, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғусини, фуқаролик позициясини кучайтириш, уларнинг бугунги тинч, эркин ва озод ҳаётнинг қадрига етиш руҳида тарбиялаш, қатағон қурбонлари хотираси муқаддас эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Ушбу тарихий ҳужжатда чор Россияси ва совет мустамлакачилиги даврида қатағон қилинган юртимиз фарзандларининг фожиали тақдирини кенг ва режа асосида тадқиқ этиш, унинг натижалари билан кенг жамоатчиликни таништириш, оммалаштириш, ўша аламли ўтмишнинг сиру асрорларини, қатағон сиёсатининг жирканч мақсадларини очиб ташлаш, икки империя даврида қатағон тиғидан ҳалок бўлганларнинг ҳар бири ҳақида исботланган, бор ҳақиқатни юзага чиқариш вазифалари белгиланган. Биз, олимлар, тадқиқотчилар ушбу қарор асосида қатағон қурбонларининг аянчли, лекин қаҳрамонона тақдирини ўрганиш йўлида янада фаол бўлишимиз муҳимдир.

Қарорда сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиши белгиланганлиги ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки ҳозирга қадар мазкур мавзуни мувофиқлаштириш, минтақалар бўйича масъул кишилар тайинланмаганлиги, қатағон қурбонларининг вилоят, туман, шаҳар, қишлоқлар кесимида сони, ижтимоий, касбий, миллий таркиблари етарли даражада, шу билан бирга, Ўзбекистонда яшаб, ишлаётган хорижлик қатағон қурбонлари ҳаёти, тақдири ҳам деярли ўрганилмаган. Тўғри, 1937-1938 йилларда Ўзбекистонда қатағон қилинган хорижликлар ҳақида рус тилида китоб тайёрлаб, чоп этиш учун нашриётга тақдим этилган. Ушбу китоб мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтаришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Бухорода Жадидлар мероси давлат музейининг очилганлиги ҳам муҳим воқеа бўлди. Таъкидлаш керакки, Жадидлар музейини маълумотлар, ашёвий далил ва ҳужжатлар билан тўлдириш жараёнида Андижондаги қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Чунки андижонлик олимлар 10-15 йиллардан буён Москвадаги қатор архивларда ўрганишлар олиб бормоқда. Ана шу ўрганишлар давомида у ерда сақланаётган Бухоро ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан қатағон қилинганлар ҳақида талайгина материаллар жамлаган.
Бундан ташқари, Андижонда 1916 йилдан буён нашр этиб келинаётган “Водийнома” ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журналининг деярли барча сонларида чор Россияси ҳамда совет мустамлакачилиги даврида Туркистон, яъни ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ҳудудларидан қатағон қилинганлар ҳақида илмий мақолалар, хотиралар, ҳужжат ва материаллар эълон қилиниб келинмоқда. Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедрасининг уч нафар аъзоси Бахтиёр Расулов, Музробжон Абдуллаев, Сойибжон Хошимов докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, профессор даражасига етган. Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг Андижон давлат университетидаги Ватан тарихи ихтисослиги кенгашида ўқитувчилардан қатағон мавзуси йўналишида Манзура Акбарова, Алишер Мамажонов, Ўктамбек Убайдуллаев, Барнохон Ботирова, Жасур Хасанов, Хуршид Қурбонов, Нодир Комилов, Умиджон Бекмуҳаммад, Жасур Иминов номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тарих фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган. Айни пайтда музейимиз ходимларидан Азизбек Маҳкамов, Дилшодбек Ҳомидов, Баҳтиёр Алимов қатағон мавзусида номзодлик диссертацияларини якунлаб, илмий кенгашга тақдим этишган. Улар қатағон мавзусидаги илмий тадқиқотларида Москва, Бухоро, Хоразм, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарёдаги архивларда ўрганишлар олиб борган. Буларнинг айтиб ўтишимнинг сабаби, қатағон мавзусида андижонлик олимлар кенг кўламли ва самарали ишлар олиб бормоқда. Ишончим комилки, Президентимизнинг юқоридаги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлади.
Қарор билан республикамиздаги қатор мутасадди вазирликлар, институтлар, жамоатчилик кенгашлари, музей ходимлари ва мутасаддилардан иборат гуруҳ тузилиши ҳам айни муддаодир. Айниқса, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаш тўғрисидаги таклифдан ниҳоятда хурсанд бўлдим. Бундай тадбирни ўтказиш тарихий адолатни тиклаш, қолаверса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Жадидчиликка қарши қаратилган машъум қатағонни ҳар томонлама очиб бериш, қатағон қурбони бўлган жадидларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, тақдири, қисматини халқимизга, айниқса, ёшларга турли маъно ва шаклларда етказиш биз олим ҳамда масъулларнинг муҳим вазифамиздир.
Қарордаги Маданият вазирлиги давлат буюртмаси асосида спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш масаласини тарихчи сифатида мен ниҳоятда қувонч билан кутиб олдим. Чунки мен қатағон мавзусини ўрганиш жараёнида кўплаб тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини маълум даражада ўргандим. Хусусан, Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Усмон Юсупов, Низомиддин Хўжаев, Абдулҳамид Чўлпон, Иномжон Хидиралиев, Усмонхон Эшонхўжаев, Раҳим Иноғомов, Бўтабой Дадабоев, Миркомил Миршаропов сингари ноҳақ қатағон қурбони бўлган юзлаб юртдошларимизнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, аянчли тақдири ҳақида фильмлар суратга олиш мумкин. Улар шубҳасиз, халқимизнинг қалбидан мустаҳкам жой олади.
Қарордаги муҳим вазифалардан бири мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги таълим ташкилотларида ўтказиладиган “Мустақиллик дарслари” доирасида қатағон қyрбонлари, жумладан, жадидчилик ҳаракати намояндаларига бағишланган ўқув машғулотларини ташкил этиш юзасидан ҳам вазифалар берилган.
Олий ўқув-юртларидаги диплом ишлари ҳимояси тизимида жадидчилик тарихига оид мавзулар бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Шаҳар ва туманлардаги жой-номлар комиссиялари ўз ҳудудидаги жадидлар ҳамда қатағон даври қурбони бўлган жадидлар номини абадийлаштириш масаласи билан машғул бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
Мухтасар айтганда, мазкур қарор ва унда илгари сурилган фикр-ғоялар, таклифлар, белгиланган вазифалар тарихий адолатни юзага чиқаришга, сиёсий, маънавий, мафкуравий ҳаётимизда, бугунги ҳамда ёш авлодни, ўтмишимиздаги буюк ва таъсирчан меросимиз билан қуроллантиришда, халқимизни тарихга, ватанга, буюк келажакка ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Рустамбек Шамсутдинов,
Марказий Осиё фан, маданият ва санъат
академияси академиги,
АДУ қошидаги Қатағон қурбонлари
хотира музейи директори.
ЎзА