Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатағон даврида Туркистон ёшлари тақдири (+видео)
17:04 / 2025-11-23

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келган жадид тараққийпарварлик ҳаракати кўп асрлик ўзбек халқи тарихида муҳим ўрин эгаллайди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Обиджон Маҳмудов, Фитрат, Чўлпон, Саидносир Миржалилов ва бошқалар маҳаллий халқни миллий истиқлол байроғи остида бирлаштириш ва ҳокимиятни қўлга олиб, миллий ўзбек давлатини барпо этиш йўлидаги илк қадамни амалга оширганлар. Улар мавжуд тарихий шароитдан фойдаланиб, “Турон”, “Имдодия” сингари маърифий жамиятлар ҳамда “Шўрои ислом”, “Турк адам марказият” каби миллий сиёсий ташкилотларни туздилар.

Тараққийпарварлар худди шу даврда халқ ва мамлакат тақдирига алоқадор муҳим масалалар билан шуғулланиб, халқнинг юмуқ кўзларини очишга, уни эрк, ҳуррият ва мустақиллик сингари буюк тарихий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга интилдилар. Улар миллатни мустамлакачилик кишанларини парчалаб ташлаши учун курашга даъват этдилар. Жадидлар бу йўлда халқ маорифини тараққиётнинг энг ишончли қуроли сифатида бирламчи даражага кўтардилар. Туркистонда олий таълим муассасаларининг йўқлиги туфайли жадид тараққийпарварлари ёшларни чет элларда ўқитиш, айниқса, Европа илм-фани ютуқлари билан таништириш масаласига алоҳида эътибор қаратганлар.

1922 йил, куз. Туркистоннинг барча минтақаларидан 250 дан ортиқ иқтидорли ёшлар замонавий илм-ҳунарларни ўзлаштириш мақсадида Москва, Санк-Петербург, Боку шаҳарларига, Туркия ва Германия давлатларига йўл оладилар. Улар Ватанга Европа илм-фани, техникаси ютуқларини олиб келиб, Туркистоннинг қадимги мавқейини тиклаш учун қасамёд этган эдилар. Афсуски, ўша даврда эзгу ниятлар билан Германияда билим олиб, юртига қайтган ёшларнинг бари отилиб кетади. Ёшлар ўз Ватанида қандай шум тақдир уларни кутиб турганини билсаларда, бироқ юртга қайтиб келиш орзуси уларни тарк этмайди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4PqpunzOLVE" title="Qatag‘on davrida aybsiz aybdor bo‘lgan Turkiston yoshlari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Бугунги лавҳада тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдували Йўлдошев билан қатағон бўлган Туркистон ёшлари ҳақида суҳбатлашдик.

Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА