Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қатағон даврида айбсиз айбдор бўлган ўзбек ёшлари – уларнинг айби ватанпарварлиги ёхуд истеъдодимиди?
16:42 / 2023-09-12

Тарихимиздан маълумки, совет тузумининг қатағон сиёсати миллат шаънини, тарихи ва ўзлигини, дин-диёнатини топташга қаратилган, юрт зиёлиларини, фаолларини юзага чиқармасликка, уларнинг миллат равнақи йўлидаги ҳаракатларини йўқ қилишга “бел боғлаган” даҳшатли давр эди. Афсуски, қатағон даври миллатимиз бошига кўпгина кулфатларни ёғдирди, минглаб истеъдодларнинг, зиёлиларнинг бошига етди. 

Яқин ўтмишимизнинг бу қора саҳифалари катта изтироб ва аянч билан ёдга олинади. Зотан, маълумотларга кўра, 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган. Уларнинг бари халқнинг истеъдодли фарзандлари, миллат фидойилари, жонкуярлари эди. Улар орасида қанчадан-қанча ёшлар бор эди. 

Жумладан, тошкентлик журналист, давлат хизматчиси Абдулҳай Тожиев миллат мафкурасини уйғотишга қаратилган мақолалари, юрт фаровонлиги йўлидаги ҳаракатлари учун маломатга қолганлардан биридир... 

Бу ҳақда тарихчи олим, тарих фанлари доктори, “Дўстлик” ордени соҳиби  Баҳром Ирзаев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди: 

— “Катта қирғин” номи билан тарихимизга кирган қатағон даврида миллатимизнинг минглаб фидойилари, дин ва маънавият намояндалари қурбон бўлди, айбсиз айбдорга чиқарилди. 1899 йил Тошкент шаҳрида ўқитувчи оиласида дунёга келган Абдулҳай Тожиев ҳам бу даврнинг қурбонларидан бири ҳисобланади. Отаси Тожи Хўжаев вафот этганида, акаси Тўхтахўжа 15 ёшда, Абдулҳай эса эндигина 10 ёшга кирган эди. Сингиллари 3 ёшли Шарифа ва эндигина туғилган Ҳамидаларнинг барчаси онаси Пошшахон аянинг қарамоғида қолган. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини эрта тотган Абдулҳай болалик гашти нималигини билмай ўсди.

У дастлаб маҳалла масжиди қошидаги эски мактабда, сўнг Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг жадид мактабида таҳсил олди. Тенгдошларига нисбатан зийрак йигит бўлган Абдулҳай Тожиев ўз атрофида кечаётган жараёнларга бефарқ эмас эди. У 1919 йилдан тошкентлик жадид тараққийпарварларининг мафкуравий раҳбарлиги остида тузилган “Изчилар тўдаси” тўгарагида фаол иштирок этди. Бу тўгарак ёшлар орасида илм-маърифатни тарғиб этиш билан бирга, уларнинг сиёсий билимларини ўстиришга интилади.

Абдулҳай Тожиев журналистлик фаолияти билан жиддий шуғулланиб, қатор мақолалар эълон қилди. 1922-23 йилларда “Туркистон”, 1923 йилдан Андижон шаҳрида нашр этила бошлаган “Дархон” газеталарида масъул муҳаррир бўлиб хизмат қилди. 1923-25 йилларда Москвадаги Свердлов номли Коммунистик университетида ўқийди. 1925 йил Тошкентга келиб, Тошкент вилояти партия котиби бўлди. Бироқ, у 1926 йил яна Москвага чақириб олиниб, 1927-29 йилларда ЦККП(б)да Ўзбекистон тарғибот-ташвиқот бўлимида ўринбосар, 1929-1935 йилларда Совет Иттифоқи миллатлар Кенгашида котиб бўлиб ишлайди. А.Тожиев 1935 йилдан яна Тошкентга келиб, то 1937 йил ЎзССР НКВД томонидан қамоққа олингунига қадар Тошкент шаҳар советининг раиси, ЎзССР МИК раиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди.

А.Тожиев публицистикасининг асосини маориф масаласи ташкил этади. У ўз мақолаларида советларнинг баландпарвоз шиорлар остида бошлаган халқ маорифини ривожлантиришга қаратилган сиёсатининг камчиликларини таҳлил этади. Ҳеч қандай моддий асоссиз ташкил этилган совет мактабларида дарслик ва ўқитувчиларнинг йўқлиги, қабул қилинган қарорларнинг қоғозда қолаётганини ёзади. У халқ маорифидек мураккаб ва катта аҳамиятли масала маҳаллий бюджетга ташлаб қўйилаётганини танқид қилади. А.Тожиевнинг ўткир истеҳзолар билан ёзилган “Ўзинг учун ўл етим!” мақоласи эса маҳаллий маҳкамаларнинг харажатини маҳаллий маблағлар ҳисобидан амалга ошириш ҳақидаги декретни танқид этишга бағишланган.

Шунингдек, А.Тожиев ҳар доим зиёлилар масаласини миллат келажаги билан уйғун тасаввур этди. “Туркистон” газетаси саҳифаларида Чўлпон, А.Қодирий, Ғ.Юнус, С.Сиддиқ, А.Аюб, Элбек кабилар ижодига кенг ўрин беради. Газетада халқ, миллат маънавияти равнақи учун долзарб бўлган маориф, тил-адабиёт, санъат ва театр масалаларига кўпроқ урғу берилди.

А.Тожиев порахўрлик иллати ва унинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам ёзиб, иқтисодий ночорликни уни юзага келтирадиган омиллар қаторига киритади. Шунингдек, Туркистондаги ишсизликнинг кундан-кунга ортиб бораётгани ва бу муаммони касаба уюшмалари томонидан ҳал этилуви лозимлигини қайд этади, маҳаллий майда ҳунармандларга маълум имтиёзлар тизимини яратиш, ўртаҳол деҳқонларни ҳимоялаш, саводсизликка қарши курашишдек устувор масалаларни кўтарган эди. А.Тожиев мақолаларида фуқароларни замон билан қизиқишга, сиёсий маданиятини ошириб боришга чақиради. Акс ҳолда кўрган жабрлари зиёда бўлади, дейди.

Жонкуяр ватандошимиз айни куч-ғайратга тўлган 38 ёшида тоталитар тузумнинг қора гирдобига дуч келди. 1937 йил 3 августда ЎзССР МИК раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар советининг раиси бўлган Абдулҳай Тожиевни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарилади. Шу куннинг ўзида унинг уйида тинтув ўтказилиб, А.Тожиевга тегишли буюмлар, ҳужжатлар, китоблар олиб кетилади.

1937 йил 11 август куни ўтказилган дастлабки сўроқда Абдулҳай Тожиевдан оила аъзолари ҳақида маълумот талаб қилинади. Сўроқда у жами 22 та қариндошини санайди. Албатта, бу батафсил рўйхат Абдулҳай Тожиевга тайёр ҳолда топширилиб, имзолатиб олинган бўлиши ҳам мумкин. Боиси, бу унинг берадиган жавоблари бутун қариндош-уруғининг тақдирини ҳал этиши мумкинлигига шаъма эди.

1937 йил 11 август дастлабки тергов материаллари асосида Айблов қарори чиқарилди. Ўтказилган ҳар бир сўроқ жараёнида ҳикоя этилаётган воқеалар янада ривожлантирилади, иштирокчилар кенгаяди ва ҳар гал янада улкан ёлғонлар пайдо бўлади. Айбловда А.Тожиевга 1918 йилдан “Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиҳод” ташкилотларига аъзо, 1927 йилдан советларга қарши фаол кураш бошлаган аксилинқилобий ташкилот аъзоси, давлат мулкини бошқаришда катта ўпирилишларга йўл қўйган, деган айблар қўйилди. А.Тожиев 1938 йил 27 апрелда “Учлик” томонидан отувга ҳукм этилди ва жазо худди шу куни ижро этилади. 

Вақт ўтиб, 1956 йилда А.Тожиевнинг хотини Тожихон Аҳмедова СССР Олий Совети раисига, шундан сўнг СССРнинг биринчи раҳбари Н.С.Хрушчёвга, Генпрокурорга, ЎзССР КП биринчи котиби Н.Муҳиддиновга, СССР Министрлар Совети раиси Бульганинларга ҳам ариза билан мурожаат этади. Аризасида эрининг ватан ва халқ олдида заррача айби йўқлигини, ўзининг ҳеч бир айби бўлмагани ҳолда 1937 йил қамоққа олиниб, 1945 йил зўрға қутулганини ёзади. 8 йиллик совет қамоқхоналаридаги азоб-уқубатлар давомида соғлиғидан ажралгани, совет жазо лагерларида меҳнат қобилиятини йўқотганини, ягона ўғли Учқуннинг урушда бедарак йўқолганини, уни қидиришга қилган ҳаракатлари бесамар кетаётганини маълум қилади.

Шундан сўнг А.Тожиев иши бўйича қайта текширишлар бошланди. 1956 йил 20 ноябрда СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегаси А.Тожиевнинг ишини қайта кўриб, унинг тўлиқ туҳмат ва асоссиз айбловлар асосида маҳв этилганини тан олди. 1957 йил 23 июлда А.Тожиев тўлиқ оқланди ва бу ҳақида 1957 йил 5 октябрда Тожихон Аҳмедовага маълум қилинди, — дейди тарихчи олим. 

Дарҳақиқат, Абдулҳай Тожиев сингари айбсиз айбдор бўлган миллатдошларимизнинг тақдири аянчли кечган. Истиқлол йилларида қатағон даври қурбонларининг номини тиклаш ва уларни ёд этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қайд этилганидек, биргина сўнгги уч йилда юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқланди. Бундай эзгу ишларнинг давом эттирилиши айби нималигини билмай, армонда кетган миллатдошларимизнинг руҳи олдида ҳам қарз, ҳам фарздир. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА мухбири