Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида хитойлик кино усталари томонидан тасвирга олинган "Қашқар гули" номли фильмнинг премьераси бўлиб ўтди.
Фильмнинг Тошкентдаги намойиши Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Хитой кино каналлари дастурлари маркази томонидан ХХР нинг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати матбуот хизмати ва Хитой янгиликлар хизматининг Шинжон бўлимининг фаол кўмагида ташкил этилди.
Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, "Ўзбекфильм" киностудияси директори, таниқли кинорежиссёр Баҳодир Одилов, юртимиздаги Уйғур миллий маданият маркази раиси Усейн Искандаров кейинги йилларда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар янги ривожланиш босқичига чиққанини таъкидладилар. Бу борада икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар дўстона муносабатларимиз ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Айни пайтда Хитой раҳбари Си Цзинпин томонидан илгари сурилган "Бир макон - бир йўл" лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

– Кейинги йилларда Хитой кинематографияси шиддат билан ривожланиб бормоқда, – деди ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь. – Шу билан бирга мамлакатларимиз киночилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора кенгаймоқда.
Тошкент халқаро кинофестивалида мамлактимиз кино ижодкорлари ўз фильмлари билан иштирок этдилар. Ойнаижаҳон орқали Хитой фильмлари намойиш этилмоқда. Айни пайтда ўзбек режиссёри Шокир Ҳолиқов томонидан яратилган "Якшанба" фильми Шанхайда бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда муваффақият қозонгани диққатга сазовордир. Бугун томошабинларга тақдим этиладиган "Қашқар гули" фильми ҳам икки ёшнинг беғубор туйғуларини акс эттириши билан бирга турли миллат вакилларининг мамлакат тараққиётига фаол ҳисса қўшаётгани, қадимий ва навқирон Қашқарнинг бугунги нафасини томошабинларга етказиши билан аҳамиятлидир.
– Хитой маданиятининг ранг-баранглиги билан жуда ҳайратланамиз, – деди кинорежиссёр Баҳодир Одилов. –Дарҳақиқат , кейинги йилларда мамлакатларимиз кинематографлари ўртасидаги ижодий алоқалар янги босқичга чиқди. Бундай тадбирлар дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
"Қашқар гули" фильми турли тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтган севги ҳақида ҳикоя қилади. Томошабин хитойлик ёшлар ҳаёти билан танишиш баробарида бетакрор Қашқар бўйлаб саёҳат қилади. Унинг бугуни, жозибаси ва замонавий ривожланиш шиддатлари кино мухлисларини бефарқ қолдирмайди.
Фильмда Шинжон архитектураси, тарихий обидалари, ландшафтлари ва ошхонаси, минтақа маданияти ва халқининг ҳаёти ёрқин акс эттирилиб, замонавий Хитойдаги халқлар дўстлиги тараннум этилган.
“Қашқар гули” картинаси ўзбек тилига юртимиз кино ижодкорлари томонидан дубляж қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА