Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёликлар Наманган тажрибасини ўрганмоқда
21:30 / 2022-03-12

Кейинги йилларда Наманган вилоятида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида йўлга қўйилган ижобий ишлар, тажрибалар нафақат водий, балки бутун Республика миқёсида кенг оммалаштириб борилмоқда.

Айни пайтда Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муроджон Азимов бошчилигидаги туман ва шаҳар ҳокимлари ва тадбиркорлардан иборат делегация ишлаб чиқариш тармоқлари билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган вилоятида бўлиб турибди.

Икки кунга режалаштирилган ўзаро тажриба алмашиш сафари хорижий давлатларга тайёр маҳсулотларни экспорт қилаётган бир нечта кичик саноат зоналаридан бошланди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2020 йил 14 июлдаги “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида вилоятда ташкил этилган кичик саноат зоналари 80 тага яқинлашди.

Делегация вакиллари Давлатобод туманидаги "Орзу" кичик саноат зонасида бўлиб, "Ideal textile-orzu" масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди. Мазкур жамиятда ҳозирги вақтда 450 нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланиб, костюм-шим, махсус либослар ва қишки кийимлар ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, тайёр маҳсулотлар Россия, Италия, Голландия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Қашқадарёлик тадбиркорлар “Янги ҳаёт” кичик саноат зонасида жойлашган "Zafar plast" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам таништирилди.

Ушбу кичик саноат зонасида умумий қиймати 35,9 миллиард сўмни ташкил этувчи жами 16 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 минг 104 та янги иш ўрни яратилган. Лойиҳаларни амалга ошириш учун Давлатобод туманидаги Ижодкор маҳалласи ҳудудидан 7,2 гектар ер майдони ажратилган.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Dosso group" қўшма корхонаси фаолияти ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа қиймати 4 миллион долларга тенг бўлиб, у учта босқичда амалга оширилади. Ҳозирда лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга туширилган бўлиб, 30 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Корхона асосан импорт ўрнини босувчи, маҳсулот ёрлиқлари ишлаб чиқариб ички бозорга сотади.

Шунингдек, “Юксалиш”, “Ёшлар” ва “Кушон” кичик саноат зоналарида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бориши билан яқиндан танишилди. Айниқса, “Glass expo” масъулияти чекланган жамияти фаолиятига қизиқиш билдирилди.
2019 йилда ишга туширилган мазкур корхонада ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайнлар асосида ишлов берилади. Ишлаб чиқариш ҳажми ва фаолият самарадорлиги изчил ортиб бормоқда. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 1 миллион 200 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконига эга бўлади.

[gallery-6122]

Тадбиркорларга замонавий шароитлар яратиш, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган “Юксалиш” кичик саноат зонасида жами 1,2 триллион сўмлик 96 та лойиҳа, “Ёшлар” кичик саноат зонасида умумий қиймати 804 миллиард сўмлик 60 та лойиҳа, “Кушон” ҳудудида 1,6 триллион сўмлик 129 та лойиҳа жойлаштирилган.

Барпо этилаётган “Янги Наманган” шаҳарчаси учун Давлатобод туманидаги Юксалиш ва Тўрақўрғон туманидаги Еттикон маҳаллалари ҳудудидан 1 минг 371 гектар ер ажратилган. Шаҳарчада келгусида 410 та кўп қаватли уй, 7 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, кўплаб инфратузилма иншоотлари барпо этилиши режалаштирилган.
Бу борадаги ишлар аллақачон бошланган бўлиб, Юксалиш маҳалласидаги бунёдкорлик ишлари, унинг биринчи босқичи ҳисобланади. 2018-2021 йилларда амалга оширилган жараёнлар доирасида 71 та кўп қаватли уй қурилди, кичик саноат зоналари ташкил этилди. 
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2022-2024 йилларга мўлжалланган бўлиб, бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Воҳалик ҳокимлар ва тадбиркорлардан иборат делегациянинг Намангандаги амалий сафари давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА