Термиз шаҳрида оғир атлетика бўйича кичик ўсмирлар(U15) ва ўсмирлар (U17) ўртасида давом этаётган Ўзбекистон чемпионатида умумжамоа ҳисобида қашқадарёлик ёш полвонлар жамоаси ҳар икки ёш тоифасида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 та жамоанинг 450 нафардан зиёд ёш оғир атлетикачилари ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб борди. Иштирокчиларнинг 334 нафари ўғил, 120 нафардан ошиғини спортчи қизлар ташкил этди.

Чемпионатнинг тўрт кунлик баҳслари натижасида 15 ёшгача бўлган оғир атлетикачилар орасида Қарши олимпия ва паралимпия маркази спортчилари 3 та олтин, 2 та кумуш билан 1-ўринни, 2 та олтин, 1 та кумуш медаль жамғарган Чирчиқ ва Самарқанд олимпиячилар жамоаси 2- ва 3-ўринлардан жой эгаллаб турибди.

U17 ёш тоифасидаги мусобақаларда ҳам қашқадарёлик ёш оғир атлетикачилар тенгсиз эканлигини намойиш этмоқда.

2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали жамғарган Қарши олимпиячилар жамоаси пешқадамликни давом эттирмоқда. 2-ўринни эгаллаб турган Самарқанд жамоаси 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль соҳиби бўлган вазиятда 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали жамғарган Хоразм оғир атлетика жамоаси кучли учликда бормоқда.

Ҳозиргача Қашқадарё вилояти оғир атлетикачиларининг умумий медаллари сони 11 тани ташкил этган.
Чемпионат 24 майга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА