Қашқадарёлик спортчи яна Осиё чемпионлигини қўлга киритди
Хитойнинг Тяньжин шаҳрида бўлиб ўтаётган енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги XII Осиё чемпионатида Қашқадарё спортининг ёрқин ғалабаси қайд этилди.
Мазкур мусобақада қашқадарёлик спортчи – вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчиси Жонбиби Ҳукмова 400 метр масофага югуриш баҳсида 53,61 сония натижа кўрсатиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Ушбу ғалаба орқали у Осиё миқёсида енгил атлетика бўйича энг кучли спортчилардан бири эканини яна бир бор исботлади.
Юксак натижа спортчининг машаққатли меҳнати, ота-онасининг доимий қўллаб-қувватлови ҳамда мураббий Ж.Саидов бошчилигидаги пухта ва тизимли тайёргарлик самараси ҳисобланади.

Аввал ҳам Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган Жонбиби Ҳукмованинг навбатдаги тарихий муваффақияти Қашқадарё спорти учун барчага фахр бағишлайди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири