Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёлик олимлар муқобил энергиядан фойдаланишга қаратилган янги технологияни ишлаб чиқмоқда
14:47 / 2020-11-12

Яна бир лойиҳа пиролиз қурилмалари асосида иссиқхоналарнинг автоном иссиқлик таъминоти тизимидир.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти тадқиқотчилари томонидан яратилган комбинациялашган қуёш иссиқлик насосли қуритиш-совитиш камераси қишлоқ хўжалиги мева сабзавотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ муддат сақлаш ва қуритишда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қаратилган.  

Энергия ва ресурсни тежайдиган мазкур янги технология ва ускуналарни жорий қилиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш натижасида аҳолини йил давомида мева-сабзавот ва озиқ овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш кўзда тутилган.  

Бу ҳақида  Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан ўтказилган Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти инновацион ишланмалар тақдимотига бағишланган йиғилишда маълумот берилди.

Тадбирда институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғ. Узоқов «Муқобил энергия манбалари» ўқув-илмий полигонида тайёрланган инновацион ишланмалар тақдимоти билан таништирди.  

Унинг қайд этишича, янги иссиқлик-совуқлик таъминоти тизими бир вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва сақлаш имконини беради.  

Яна бир лойиҳа пиролиз қурилмалари асосида иссиқхоналарнинг автоном иссиқлик таъминоти тизимидир.  

Лойиҳанинг мақсади қайта тикланадиган биомасса энергиясидан фойдаланган ҳолда иссиқхоналарнинг пиролиз қурилмали энергия самарадор иситиш тизимини яратиш ва жорий этишдан иборат.  

Лойиҳани амалга ошириш натижасида маҳаллий биомассадан суткасига 100-120 кубометр пиролиз гази (биогаз), 80-100 кг суюқ, 120-160 кг. қаттиқ муқобил ёқилғилар олиниши кутилмоқда.  

Бир сотих фойдали майдонли иссиқхонада пиролиз қурилмали автоном иситиш тизимини қўлланилиши натижасида бир иситиш мавсумида (Қашқадарё вилояти иқлим шароитида 132 сутка) 8000–10500 кубометргача табиий газ тежалади.  

Қурилманинг хусусий эҳтиёжидан ортган 9000-9500 кубометр пирогаз олинишига эришилади. Қурилмада иситиш мавсуми давомида қўшимча равишда 10,5-13,2 тонна суюқ, 15-21 тоннагача қаттиқ пиролиз маҳсулотлари (ёғоч кўмири) олинади.

Шунингдек, комбинациялашган қуёш қурилмалари асосидаги автоном иссиқлик таъминоти тизими ҳақида ҳам маълумот берилди.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг 40 фоизи биноларни иситиш ва ёритишга сарфланади, – деди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғ. Узоқов. – Соҳа мутахассисларининг маълумотига кўра 1 квадрат метр майдонни иситиш учун Ўзбекистонда ўртача 400 кВт/соат, иқлим шароити бизга яқин ривожланган давлатларда эса 170 кВт/соат энергия ишлатилади.  

Республикамизда минг долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун ривожланган давлатларга нисбатан 2-3 баробар кўп энергия сарфланади. Шу боис яқин йилларда энергия сарфини 2-2,5 баробарга қисқартириш вазифасини амалга ошириш зарур.

Ишланманинг мақсади қайта тикланадиган энергия манбаларининг комбинациялашган қурилмалари асосида қишлоқ уйларининг автоном иссиқлик таъминоти тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Ишланмани жорий қилиш натижасида қишлоқ уйларини барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. 1 метр квадрат иситиш юзасидан йилига 60-70 кг. шартли ёқилғи тежалишига эришилади.