Яқинда Самарқанд археология институти тадқиқотчилари Қашқадарё вилояти ҳудудида яна бир муҳим археологик манзилни аниқлашди. Ушбу хабар ортидан биз ҳам Китоб тумани Юқори Оёқчи қишлоғида жойлашган мазкур ёдгорликка йўл олдик.
Қишлоқ томон ҳаракатланар эканмиз, тоғли ҳудуднинг бетакрор манзараси, мусаффо ҳавоси ва табиатнинг соз жаранги киши қалбини ром этади. Олисдан қатор тепаликлар кўзга ташланиб, уларда қазишма ишлари билан банд мутахассислар кўзга ташланади.
Археологларнинг айтишича, тепаликлардаги ёдгорликлар антик даврга мансуб бўлиб, ўша давр аҳолисининг турмуш тарзи, ҳунармандчилиги, анъаналари ва маданий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар берадиган топилмаларга бой.
Самарқанд археология институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори Абдусобир Раимқуловнинг таъкидлашича, минтақадаги қидирувлар сув омбори қурилиши муносабати билан қайта фаоллашган.
[gallery-26520]
– Ҳозир турган ҳудудимиз Юқори Оёқчи қишлоғининг тепалик қисми. Сел сувларини сақлаб қолувчи омбор қурилиши режалаштирилгандан сўнг, бу ерда археологик объектлар бор-йўқлигини аниқлаш учун институтимизга мурожаат қилинди, – дейди олим. – Бу тепаликларда антик даврга оид 10 дан ортиқ ёдгорлик жойлашган. Қизиғи шундаки, ҳар бир тепаликда милоддан аввалги III-II асрларга тегишли сопол буюмлар парчалари кенг учрайди. Бу эса Александр Македонский давридан бошлаб, кейинги салавкийлар ва Юнон-Бақтрия давлати ҳукмронлиги даврида ҳам ҳудудда аҳоли гавжум яшаганини кўрсатади. Шу даврларда бу ерда бир нечта қишлоқлар мавжуд бўлгани эҳтимолдан холи эмас.
Тадқиқотларга кўра, ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланган, деҳқончиликка қулай шароит мавжуд бўлган, сув манбалари эса қишлоқ ҳаётининг асосий омили ҳисобланган.
Махсус рухсат асосида тепаликларга кўтарилиб, қазишма майдонларини бевосита кузатдик. Қадимий қатламлар очилиши билан бирга, аждодларимиз яшаган муҳитга оид янги сир-асрорлар ҳам намоён бўлади: қатор қилиб қурилган учоқлар, тупроқ ичида деярли тўлиқ сақланган кўза ва косалар, қадаҳ таглари, турли сопол буюмлар шулар жумласидан.
Самарқанд археология институти таянч докторанти Саидазимхон Амонов қидирувлар тарихи ва ўтган йиллар натижаларини батафсил ёритиб берди:
– Бу ҳудудда дастлабки археологик аниқлаштирув ишлари 2014-2015 йилларда ўтказилган. Жорий йилнинг ноябрь ойидан эса Оёқчитепада кенг қамровли қазишмаларни бошладик. Топилган сополлар милоддан аввалги IV асрдан милодий IV асргача бўлган даврга тегишли экани маълум бўлди. Ҳудудда бир-бирига яқин жойлашган 12 та тепалик аниқланган. Шуларнинг бештасида – Оёқчи-1, Оёқчи-2, Оёқчи-3, Оёқчи-4 ҳамда Жанжалтепада қазишмалар олиб борилди. Жумладан, Оёқчи-4 ёдгорлигидан антик даврга тегишли қадаҳ ва косалар, айниқса, кўп тўпланди. Шунингдек, рўйхатга киритилмаган кичик тепаликда 1,7 сантиметр қалинликдаги қадимий девор қолдиқлари ҳам топилди.
Бундан ташқари, тепаликлар совет даврида қайд этилган бўлса-да, улар 2019 йилда миллий рўйхатга расмий тарзда киритилгани, бу эса уларни илмий жиҳатдан янада пухта ўрганиш имконини бергани таъкидланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Юқори Оёқчи қишлоғида олиб борилаётган қазишмалар Қашқадарё воҳасининг қадимий тарихини яна бир бор тасдиқламоқда. Антик давр ҳаётига оид сополлар, архитектура элементлари ва маиший буюмлар нафақат илмий жиҳатдан, балки маданий мерос нуқтаи назаридан ҳам улкан аҳамиятга эга.
Тадқиқотчилар келгуси йилда қазишмаларни кенгайтириш, планографик тадқиқотларни амалга ошириш ва ҳудуднинг тарихий қиёфасини янада тўлиқ тиклашни режалаштирмоқда. Бу эса минтақа туризми, айниқса, археологик туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари