Қашқадарёдан 15 нафар ҳамшира “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” бўлди
12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан мамлакатимизда меҳнатда алоҳида ибрат кўрсатган ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида 15 нафар қашқадарёлик ҳамшира бор.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев тақдирланганларни қутлаб, уларга нишонларни тантанали равишда топширди. Шунингдек, у соғлиқни сақлаш вазирининг ўрта тиббиёт ходимларига йўллаган байрам табригини ҳам ўқиб эшиттирди.
– Сизларга насиб этган бу мукофот билан тақдирланиш – ҳар бир тиббиёт ходимининг орзуси, - деб таъкидлади Б. Тешаев. – Аминманки, бунга эришишингизнинг ортида кунларни тунларга улаб, халқимиз саломатлиги йўлида қилган самарали меҳнатларингиз турибди. Тиббиётимиздан одамларнинг рози бўлиши йўлида Сизларнинг хизматларингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Барчангизнинг эзгу фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА