Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёдаги яйловларда яна чигиртка пайдо бўлдими? (+видео)
15:38 / 2025-04-09

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги яйловларда чигиртка галаси аниқлангани хусусидаги хабарлар кўпчилик чорвадорларда хавотир уйғотди. Боиси ўтган йилдан бошлаб вилоятнинг тоғли ҳудудларидаги яйловларда чигиртка галасининг кенг ўтлоқларга зарар етказгани, ҳаттоки лалми буғдойзорларгача зиён бергани ҳаммага маълум.

Шу боис ушбу хабарда келтирилган ҳолат қанчалик ҳақиқат эканини аниқлаш мақсадида фотомухбир билан кўрсатилган манзил сари йўл олдик.

Ҳолат вилоятнинг Яккабоғ тумани Қоратут маҳалласи Тўла қишлоғи адирларида юз бергани маълум бўлди ва эрта тонгдан ўша манзилга етиб бордик. 

Яшилликка бурканган қир адирлар, унинг ортида елкасига қор йиғиб олган пурвиқор тоғлар, сурув-сурув ўтлаб юрган қўй-қўзилар. Ушбу манзара ҳар қандай кишининг завқини келтиради. Лекин чигиртка деб аталмиш офат туфайли уларнинг барчаси барбод бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. 

Манзил сари борар эканмиз бизга вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Маҳмуд Хушмуродов ҳамда унинг ўша ҳудудга бириктирилган жамоаси ҳам ҳамроҳлик қилди. 

[gallery-22716]

Ижтимоий тармоқда тарқалган ўша видеолавҳа олинган жойга тўхтаймиз. Атрофни кузатамиз. Майсалар остида ҳали кучини олиб улгурмаган ва ҳаёт билан видолашган чигирткалар уюмларини кўриш мумкин. Бу чигирткага қарши курашувчи ташкилот вакиллари томонидан хабар тарқалган куннинг эртасигаёқ келиб ҳудудда кимёвий ишлов олиб борилганини англатарди. 

Лекин ҳали қувонишга эрта. Улар биринчи босқичда тухумдан очиб чиққан личинкалар эди. Ҳали олдинда иккинчи ва учинчи босқичда очиб чиқувчи личинкалар турибди. Иккинчи босқичи эса аллақачон яна тарқала бошлаган.

Атрофни айланар эканмиз улар яққол кўзга ташлана бошлаган. 

Ушбу ҳолат юзасидан масъулларга юзланамиз. 

– Тўла массивидаги ижтимоий тармоқларга тарқалган зарарли чигирткалар апрел ойининг бошида аниқланган, – дейди вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи Маҳмуд Хушмуродов. – Бу ҳудудга бир дона махсус пикап машина ажратганмиз ва дарҳол кимёвий ишлов ўтказилган. Хавф тўлиқ бартараф этилган.

– Чигирткаларнинг яна тарқалаётганини қандай изоҳлайсиз, сўраймиз масъулдан.

– Бирламчи личинкалар чиқиб бўлгандан кейин уч-тўрт кун оралиғида кейинги босқич личинкалар оммавий чиқа бошлайди, – дейди М.Хушмуродов. – Ҳолат аниқлангач, яна келиб навбатдаги кимёвий ишлов ўтказилади. Тоғли ҳудудларда тез-тез ёмғир ёғиш ҳолатлари кузатилади. Афсуски бу кимёвий препаратлар таъсирчанлигини пасайтиради. Кунлар исиши билан яна дорилаш ишлари олиб борилаверади. Уларни бошқа усулда йўқ қилиб бўлмайди. Бунда асосан аҳоли вакилларининг ёрдами керак бўлади. Чунки улар шу далаларда чорвасини ўтлатади. Чигиртка галаси аниқлангандан хабар қилишса, тезда хавфнинг олдини олиш осон бўлади. 

Вақтида эътибор қаратилмаса, кун келиб катта зарар келтиришга қодир бўлган бу митти махлуқлар ҳали ёш ва нимжон. Бир қарашда дорининг заҳридан ўлаётганини кўриб уларга раҳминг ҳам келади. Аммо у улғайса ҳеч кимга раҳм қилмаслиги тайин. Бунга тарих гувоҳ. 

Ҳудудни айланар эканмиз шу ерда қўйларини ўтлатиб юрган чўпонни суҳбатга чорладик. 

– Бу ҳудудларга биринчи марта чорвамизни боқишимиз, – дейди Фазлиддин Фахриддинов. – Ўзимиз Қамаши туманидан. Илгари бошқа яйловларда боққанмиз. 

– Қачон бу ерда чигиртка тарқалганига гувоҳ бўлдингиз, сўраймиз ундан.

– 1 апрел куни қўйларимизни ўтлатиб юриб, чигиртка галасига кўзим тушиб қолди, – дейди чўпон. – Кейин фермерга хабар қилдим. У эса тегишли жойга айтган. Келиб дорилашди. Ҳаммаси ўлди. Лекин кечадан буён яна кўпая бошлади. Яна хабар қилдик. Ота-боболаримиздан чигиртканинг офат эканини кўп эшитганман. Улар минг гектарлаб яйловларни пайҳон қилиб кетишга қодир. 

Хуллас чигиртка офатига қарши жанг бошланди. Масъулларнинг таъкидлашича, бунинг учун етарлича кимёвий препаратлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ғамланган, техникалар шай ҳолатда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4aR_voZUp3c" title="Qashqadaryodagi yaylovlarda yana chigirtka paydo boʻldimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Барчасини вақт кўрсатади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари