Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Чироқчи туманини иккига бўлиш таклифи билан чиққан эди. Президентимизнинг мазкур таклифи бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида айрим аҳоли пунктлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларини янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани таркибига ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Чироқчи тумани ҳудуди 2,84 минг квадрат километр бўлиб, вилоятнинг салкам ярим миллион аҳолиси ушбу туманда яшайди. У қўшни Самарқанд ва вилоятнинг 8 та тумани ҳудуди билан чегарадош. Чироқчида 86 та маҳалла фуқаролар йиғини, 206 та қишлоқ, 234 та ўрта мактаб, 4 та шифохона ва 4 та касб-ҳунар мактаби мавжуд.

Бироқ ҳудуднинг географик жойлашуви ва туман маркази ҳамда баъзи қишлоқлар орасидаги масофанинг олислиги аҳоли учун бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларга кўра одамлар ўзининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш, давлат идораларига бориш учун 2-3 соатлаб вақт сарфлайди. Шунингдек, туман ичида жамоат транспорти ривожланмагани оқибатида одамлар марказга келиши учун бир нечта транспортдан фойдаланиши, бунга 50 минг сўмгача харажат қилишга мажбур.

Сессияда Халқ депутатлари Чироқчи туман кенгашининг Айритом, Бахт, Бегламиш, Кўкдала, Қанотли, Наймансарой, Олтин бошоқ, Олтин дала, Пахталисой, Сойбўйи, Талоқтепа, Тошли, Умакай, Ўтамайли, Хардури, Хўжаобод, Хушали, Чорвадор, Шўрбозор, Шўрқудуқ, Эски анҳор, Торжилға, Гулистон, Аннаруз, Зум, Ғаллакор, Қумдарё, Сувлиқ, Тўқмор, Уймовут, Чиял ва Чувуллоқ маҳалла фуқаролар йиғинларини янги ташкил этилаётган Кўкдала тумани таркибига ўтказиш бўйича таклифи кўриб чиқилди.

Унга кўра, янги ташкил этилаётган туман ҳудуди 1,7 минг квадрат километр бўлиши, ҳудудга 101 та мактаб, 31 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 63 та қишлоқ ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Сессияда Чироқчи туман кенгашининг таклифи қизғин муҳокама қилиниб, туманнинг иккига бўлиниши одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшаши учун қилинаётган иш деб баҳоланди ва Кўкдала туманини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг розилигини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиладиган бўлди.
Шунингдек, сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш тўғрисидаги ва бошқа бир қатор масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муроджон Азимов иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.