Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда
18:35 / 2025-12-04

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлашда жамоатчилик назорати муҳим омил сифатида эътироф этилмоқда. Қашқадарё вилоятида ҳам бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилгани кузатилмоқда.

Шаҳрисабз шаҳрида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар шунга яққол мисолдир. Вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси Шуҳрат Турсунов ва шаҳар жамияти раиси Зиёдуллахон Муҳаммадиев раҳбарлигида доимий равишда ўтказилаётган мониторинг тадбирлари аҳолининг кундалик эҳтиёжлари, хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Жамоатчилик назорати доирасида Шаҳрисабз давлат педагогика институтида қатор муҳим масалалар ўрганилди. Жумладан, ўқув жараёнининг сифати ва самарадорлиги, ётоқхонада талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, дарс давомати, талабаларнинг қатнови ва хавфсизлиги, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, санитария ва гигиена талабларига риоя этилиши, ободонлаштириш ва тозалик ҳолати каби йўналишлар чуқур таҳлил қилинди.

Ушбу жараёнларда амал қилинаётган қонунчилик, давлат стандартлари ва соҳавий меъёрлар асос қилиб олинди. Айниқса, талаба-ёшлар учун соғлом овқатланишни таъминлаш, ётоқхонадаги иситиш тизимлари барқарор ишлаши, хизмат кўрсатиш сифатининг оширилиши мониторингнинг устувор йўналишларидан бири бўлди.

Таъкидлаш лозимки, бу жараёнларда шаҳар халқ таълими бўлими ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани ижобий натижалар бера бошлади. Соҳавий қонунчиликда белгиланган тушунча ва талабларни амалиётга жорий этиш бўйича ўтказилган тарғибот ишлари истеъмол маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Шаҳрисабз шаҳридаги бу каби амалий ишлар аҳолининг турмуш сифати, болалар ва ёшларнинг соғлиги ҳамда таълим олиш муҳитига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши эса фуқаролар манфаатларини таъминлашда муҳим механизм сифатида ўз самарасини кўрсатмоқда.

Ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ҳар бир соҳада адолат, очиқлик ва масъулият тамойилларини амалда таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаси. Қашқадарёда йўлга қўйилган ушбу тажриба эса бошқа ҳудудлар учун ҳам намуна бўла олади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири