Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда жамоат транспорти ислоҳоти изчил давом этмоқда
19:13 / 2026-01-12

Қарши шаҳрига ташаббускор тадбиркорлар томонидан яна 43 дона янги ва замонавий автобуслар олиб келинди.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида Тошкент давлат транспорт университети томонидан “Қарши шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси” ишлаб чиқилиб, 2024 йил 22 октябрда Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланди.

Бош режага мувофиқ, Қарши шаҳрида брутто-шартнома тизимида хизмат кўрсатувчи 21 та автобус йўналиши ташкил этилиб, уларда 253 дона замонавий автобус ҳаракатланиши белгиланган. Айни пайтда 8 та йўналиш йўлга қўйилган бўлиб, уларда 96 та автобус хизмат кўрсатмоқда. 2025 йил давомида ушбу йўналишларда 8,3 миллион нафар йўловчи ташилган, ўртача кунлик йўловчи оқими 22,3 минг нафарни ташкил этган.

[gallery-27073]

Бугун ташаббускор тадбиркорлар томонидан шаҳарга яна 43 та замонавий автобус келтирилди. Жамоат транспортлари тақдимотига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Улар Бош режада белгиланган 4 та янги йўналишга жойлаштирилиб, натижада брутто-шартнома асосида хизмат кўрсатувчи йўналишлар сони 12 тага, автобуслар сони эса 139 тага етказилди.

Жорий йилда эса 5 та тадбиркор томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 114 та автобус харид қилиниб, 9 та брутто-йўналишга, жумладан, шаҳарни тўлиқ қамраб олувчи қатновларга жойлаштириш режалаштирилган. Бу орқали йиллик йўловчи ташиш ҳажми 10,8 миллион нафарга, кунлик йўловчи оқими эса 28,4 минг нафарга етказилиши кутилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур ислоҳотлар жамоат транспорти хизматини барқарор ва сифатли ташкил этишга, аҳоли учун қулай ҳаракат муҳитини яратишга хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари