English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда ёш сайловчилар форуми
11:56 / 2024-10-23

Қашқадарё вилоятида ёш сайловчилар учун ташкил этилган “Ёш сайловчи” форуми, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни сайлов жараёнларида фаол иштирок этишга ундаш мақсадида ўтказилди. Ушбу форумда, айниқса, биринчи марта сайловда иштирок этаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратилди. Улар учун махсус тақдимотлар ва маърузалар ташкил этилиб, сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий маълумотлар етказилди.

Тадбир давомида ёшларни замонавий касбларга ва хорижий тилларга бепул ўргатувчи лойиҳалар – “Ibrat”, “Mutolaa”, “Ustoz AI”, “Uz Chess” каби павильонлар ташкил этилди. Бу лойиҳалар ёшлар ўртасида катта қизиқиш уйғотиб, уларга келажакдаги профессионал ва шахсий ривожланиш учун кенг имкониятлар тақдим этди. Айниқса, биринчи марта сайловда қатнашаётган ёш сайловчиларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида лойиҳа тақдимотлари интерактив тарзда ўтказилди.  

[gallery-19936]

Бундан ташқари, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган ҳарбий аслаҳалар кўргазмаси ҳам уларда катта таассурот қолдирди. Тадбир давомида ёшларнинг нафақат сиёсий, балки умумий билимларини ҳам бойитишга қаратилган интеллектуал беллашувлар ҳам бўлиб ўтди. Айниқса, “Сиз биласизми?” деб номланган викториналар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Викториналар ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилди.  

Форумнинг энг муҳим қисмларидан бири бу Қарши шаҳар ҳокимининг ёш сайловчилар билан ўтказган очиқ мулоқоти бўлди. Ҳоким ёшлар билан эркин суҳбат қуриб, уларни ўз фуқаролик бурчини бажаришга, яъни сайловларда фаол иштирок этишга чақирди. Ёшлар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирар экан, сайлов жараёнлари тўғрисидаги кўплаб саволларга ҳуқуқий жиҳатдан батафсил жавоб олишди. Тадбир давомида 5 мингдан ортиқ ёш сайловчиларга сайлов жараёнлари ҳақида муҳим ҳуқуқий тушунчалар берилди.  

Форум гала-концертга уланиб, юқори кайфиятда якунланди.  

Шу тариқа, форум нафақат ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, балки уларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган катта бир маданий-маърифий тадбир сифатида ёдда қолди.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари