Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда янги замонавий футбол академияси фаолият бошлади
22:49 / 2025-10-31

Юртимизда спорт, хусусан, футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар учун замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Омма¬вий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Қарши шаҳрида янги футбол академияси фойдаланишга топширилди.

Қашқадарё вилояти футбол академиясининг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, кенг жамоатчилик ва футбол мухлислари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими таъкидлаганидек, ушбу академия мамлакатимизда футболни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Бу ерда тарбияланувчи ёш футболчилар келгусида юртимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилади, деб ишонилмоқда.

[gallery-26021]

Шу муносабат билан бир қатор спорт фидойилари “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Академия ҳудудида замонавий ўқув-тарбия ва машғулот бинолари, фитнес ва тикланиш марказлари, тиббий хизмат хоналари, ётоқхона, ошхона, сунъий ва табиий газонли майдонлар барпо этилган. Бундай шароитлар ёш футболчиларнинг юксак стандартлар асосида машғулот олиши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан мукаммал шаклланишига хизмат қилади.

Академияда таҳсил олувчилар нафақат футбол маҳоратини такомиллаштиради, балки ёшлар учун махсус таълим дастурлари асосида умумий саводхонлик ва билимларини ҳам мустаҳкамлайди. Таъкидлаш керакки, бу ерда ишлаётган мутахассислар таркибига халқаро тажрибага эга мураббийлар ҳам жалб этилган.

Қашқадарёдаги ушбу янги спорт маскани нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз учун истеъдодли ёш футболчиларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Яқин келажакда бу академиядан етишиб чиқадиган иқтидорлар Осиё ва жаҳон миқёсида юртимиз байроғини юксакларга кўтаради, деган умиддамиз.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари