Қашқадарё вилояти Китоб туманида хитойлик ҳамкорлар иштирокида барпо этилган “Қарши конч цемент” қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди.
Корхонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими М.Азимов, хитойлик ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Туманнинг улуғвор тоғлари этагида иш бошлаган корхона Қашқадарё вилоятидаги илк цемент заводи ҳисобланади.
– Ушбу цемент заводини очилиши вилоятимиз аҳолиси учун қувончли янгилик бўлди, – деди вилоят ҳокими М.Азимов. – Муҳтарам юртбошимиз томонларидан олиб борилган оқилона ва тўғри сиёсатнинг натижаси ўлароқ вилоятга чет эл инвесторлари иштирокидаги корхоналар сони бугунга келиб яна биттага кўпайди. Ушбу корхонага 2019 йилнинг октябрь ойида тамал тоши қўйилган эди. Мана қарийб 2 йилдан ошиқ вақт давомида ушбу саноат корхонаси қад ростлади.
Корхона хитойлик ҳамкорларнинг 150 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағи ҳисобига ишга туширилди. Китоб туманининг “Макрид” кенгликлари ҳудудидаги 62 гектар ер майдонда жойлашган ушбу корхонада йилига 1,2 миллион тонна М-400, М-500 ва М-600 маркали цемент ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари вилоятда равон ва кенг кўчалар, осмонўпар бино-иншоотлар ва янги уй-жойлар барпо этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, корхона фаолияти вилоятнинг экспорт салоҳиятига ҳам сезиларли таъсирини кўрсатади. Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, қолаверса, Хитой давлатларига йилига ўртача 12 миллион долларлик цемент экспорт қилинади. Муҳими ушбу корхонанинг ишга тушиши натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, 400 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.