French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда яна 55 минг гектарга яқин ер давлат рўйхатидан ўтказилди
17:31 / 2023-11-23

Мулк эгасининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида кадастр ҳужжатининг алоҳида ўрни бор. Мазкур кадастр ҳужжатларини ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тайёрлашда Давлат кадастрлари палатаси Касби тумани филиали томонидан ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

– Йил бошидан бери жисмоний ва юридик шахслар томонидан кадастр ҳужжатларини тайёрлаш борасида жами 2 минг 750 та мурожаат келиб тушган, – дейди филиал раҳбари Шерзод Маҳмудов. – Ўтган давр ичида филиал масъуллари томонидан 919 та нотурар бинога, 1 минг 405 та якка тартибдаги турар жойга, 210 та кўп қаватли хонадон, 192 та ер участкасига кадастр паспорти расмийлаштирилиб, Давлат хизматлари марказлари орқали мулкдорларга тақдим қилинган.

Шунингдек, мазкур кадастр филиалида аҳоли мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Йил бошидан бери ер ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, низоли масалалар бўйича филиалга жами 315 та мурожаат йўлланган.  

Филиал раҳбарининг маълум қилишича, ушбу мурожаатлар тегишли тартибда ўрганилиб, ваколат доирасидаги 91 та мурожаат кадастр ходимлари томонидан ижобий ҳал этилган ва 187 нафар мурожаатчига қонуний йўл-йўриқлар кўрсатилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.  

Бугунги кунда кўчма савдо жойларини ташкил этиш учун аҳолига қатор енгилликлар яратилган. Жумладан, туман (шаҳар) захирасидаги ер участкалари K-SAVDO тизимида тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион орқали 3 йилгача ижарага берилмоқда.

Бундай ерларга енгил конструкциялар ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектларини ўрнатиш мумкин. Касби туманида ҳам ана шундай кўчма савдолар учун жами 83 та 0,50 гектар ер майдони киритилган ва шундан 0,21 гектарга тенг 23 та ер майдони аукцион савдосида тадбиркорларга сотилган.

Бундан ташқари, туманда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида филиал ходимлари томонидан қарийб 12 гектарга тенг 514 та ер майдони киритилган бўлиб, 84 та ер майдони бўйича аукцион савдолари ғолиблари аниқланган.  

Ер умуммиллий бойлигимиз. Уларни асраб- авайлаш эса ҳар биримизнинг вазифамиздир. Ерларнинг ҳисобини тўғри юритиш кадастр ходимларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.  

Шу мақсадда Касби туманида ҳам қишлоқ хўжалиги фойдаланишида бўлган 66 232 гектар ер “UzKad” дастурида ҳисобга олинди ва 54 442 гектар ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мазкур тизимга киритилгаан маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланади.

Ўлмас Баротов,

ЎзА мухбири