Президентимизнинг 2025 йил 1 мартдан кучга кирган тегишли қарорига мувофиқ, юртимизда 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида кундузги парвариш хизматларини йўлга қўйиш амалиёти тажриба-синов тариқасида бошланди. Дастлабки босқичда мамлакатимизнинг 7 та ҳудудида ана шундай марказлар фаолияти ташкил этилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида Қашқадарё вилоятининг Касби ва Миришкор туманларида ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган кундузги парвариш марказлари очилди. Бу марказлар давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида ташкил этилиб, ногиронлиги бўлган болаларни қамраб олиш, уларга сифатли ижтимоий ва реабилитацион хизматлар кўрсатишга қаратилган.


Марказларда болалар учун мослаштирилган таълим, психологик кўмак, жисмоний реабилитация ҳамда ижтимоий мослашувга ёрдам берувчи хизматлар кўрсатилади. Энг муҳими, ушбу тизим оилада ногирон фарзандини парваришлаш туфайли ишлаш имкониятидан маҳрум бўлиб келган ота-оналар учун яна меҳнат бозорига қайтиш имконини яратади. Бу эса фақатгина ижтимоий ёрдам эмас, балки иқтисодий фаолликни оширишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади.

Бундай марказларнинг фаолияти нафақат болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилайди, балки жамиятда инклюзивлик ва меҳрибонлик муҳитини қарор топтиришда ҳам катта аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида, бу каби давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида кундузги парвариш марказларининг сони 9 тага етди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири