Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда хусусий тиббиёт муассасаси яна биттага кўпайди
23:00 / 2024-04-15

Қарши шаҳрида 250 ўринли “Жавоҳир Медикал” клиникаси фойдаланишга топширилди.

Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, бу борада хусусий сектор ролини ошириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, лицензия беришнинг соддалаштирилгани, солиқ ва божхона имтиёзларининг жорий этилгани хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга катта имконият бермоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан тизимга берилган эътибор ва яратиб берилган имкониятлар натижасида вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 702 тага етди (2017 йилга нисбатан қарийб 3,5 баравар ўсди).

Маълумотларга кўра, хусусий стационар клиникалар сонининг 2017 йилдаги 22 тадан 138 тага етгани (6 баравар ўсиш) вилоят аҳолисига янада қулайлик яратиш билан биргаликда давлат тиббий муассасаларидаги юкламаларни камайтиришга хизмат қилмоқда. Ўтган йилда хусусий клиникаларда 2 миллион нафарга яқин, жорий йилнинг уч ойи давомида 600 мингдан ортиқ бемор даволангани тизимга ишончнинг ортиб бораётганини кўрсатади.

[gallery-16941]

Фойдаланишга топширилган “Жавоҳир Медикал” клиникаси қарийб 200 миллиард сўм маблағ ҳисобидан ташкил этилган бўлиб, 250 ўринга мўлжалланган. Мазкур клиниканинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 

Янги клиника Европанинг энг сўнгги русумдаги МРТ, МСКТ, рентген, лаборатория аппаратлари билан жиҳозланган. Клиникадаги МРТ аппарати, нафақат вилоят, балки, Республикадаги тиббиёт муассасаларида ҳам саноқли. Бу ерда 20 дан ортиқ юқори технологик операцияни бажариш имконияти мавжуд.

Клиниканинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, тадбиркор ва унинг ота-онасига ўз ташаккурларини билдирди. 

Очилиш маросимига ташриф буюрган меҳмонлар клиникада яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари