Қашқадарёда ҳам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
Мазкур сана муносабати билан вилоятда ўтказилган “Умид ниҳоллари-2022” спорт мусобақаларнинг ғолиблари тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этди ва совриндорларни қутлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони хамда Президентнинг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 3 июндаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда ўтказилган “Умид ниҳоллари-2022” спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
[gallery-8534]
Маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, вилоятда жами 1221 та таълим ташкилоти мавжуд, шундан 1 204 та мактаб (61та ихтисослашган мактаб ва мактаб-интернати, 4 та махсус мактаб, 2 та санатория типидаги мактаб-интернат), 16 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда вилоят педагогларини янги методикаларга ўргатиш миллий маркази фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилда Республика, Халқаро Осиё ва Жаҳон чемпионатларида вилоятнинг ёш спортчилари иштирок этиб, натижага кўра 107 та олтин, 120 та кумуш, 150 та бронза медалларини қўлга киритди.
Умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида 2021-2022 ўқув йили давомида ёшларда спортга бўлган ҳавас ва интилишни, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини янада кучайтириш, ёш иқтидорли спортчиларни танлаб олиш, уларда профессионал маҳорат ва кўникмаларни ривожлантириш, спорт турлари бўйича мамлакат терма жамоаларига спорт захирасини тайёрлаш, ўқувчиларни спорт машғулотларига узлуксиз жалб этишга қаратилган “Умид ниҳоллари-2022” спорт мусобақалари жойларда кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда ва ёшлар ўртасида оммавийлашиб бормоқда.
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ва ундан руҳланган ўқувчилар спортнинг Республика ва Халқаро мусобақаларида ҳам совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Тадбир давомида вилоятда ўтказилган финал мусобақаларида спортнинг юқори ўринларни эгаллаган барча туман шаҳар жамоалари вилоят ҳокими томонидан тақдирланди. Жумладан, спорт турлари бўйича мусобақаларда иштирок этиб биринчи ўринни эгаллаган иштирокчиларга ноутбук, иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчиларга телевизор, учинчи ўринни эгаллаган иштирокчиларга спорт велосипедлари совға қилинди.
Фахрли биринчи ўринни эгаллаган Шаҳрисабз тумани жамоасига “Дамас”русумли автомашина ажратилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА