English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда уч ойда 18,07 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди
17:46 / 2021-04-06

Жорий йилнинг 3 ойи давомида Қашқадарё вилояти бўйича жами 95 та ҳолатда 18,07 гектар ер майдони ноқонуний эгаллаб олинган ҳолати аниқланган.

Шундан 12,53 гектар суғориладиган, 2,16 гектар лалми экин ер, 1,5 гектар кўп йиллик дарахтзорлар, 0,93 гектар яйлов ва 0,94 гектар бошқа ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Кадастр агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Феруз Тоировнинг маълум қилишича, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда эгаллаб олинган ер майдонларидан 13,47 гектари уй-жой, 1,71 гектари нотурар объектлар, 0,36 гектари томорқа, 1,4 гектари тупроқ карьер ва 1,13 гектари бошқа мақсадлар учун фойдаланиб келинмоқда.

Туманлар кесимида таҳлил қилинганда, ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари Яккабоғ туманида 23 та ҳолатда 4,08 гектар, Чироқчида 19 та ҳолатда 2,46 гектар, Қамашида 16 та ҳолатда 4,86 гектар, Қарши туманида 11 ҳолатда 2,73 гектар, Ғузорда 6 ҳолатда 0,35 гектарни ташкил қилади.

Шунингдек, ўтказилган тадбирлар давомида қонунбузарлик ҳолатини содир этган жами 53 нафар шахс огоҳлантирилган бўлса, ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар юзасидан туман ҳокимликларига 36 та тақдимнома, туман прокуратураларига 26 та маълумотнома, Судларга 9 та даъво аризалари киритилган.

Бундан ташқари назорат тадбирлари давомида жами 90 та ҳолатда фуқароларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги аниқланиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлар жаримага тортилган.

Ў.Баротов, ЎзА